ЖАМИЯТ

Фуқаронинг ижтимоий таъминот ҳуқуқи тикланди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

Фуқаро Акбар Анваров (исм-фамилия ўзгартирилган) Термиз туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Термиз шаҳар бўлими мансабдор шахсларининг 2005-2010 йилларда “Анвар” МЧЖда ишлаган даврини иш стажи сифатида тан олмаслик ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва ушбу даврни унинг иш стажига қўшиш мажбуриятини юклашни сўради.

Судда аниқланганидек, А. Анваровнинг ушбу даврда ишлаганлиги меҳнат дафтарчасида тегишли тартибда қайд қилинган ва муҳр билан тасдиқланган. Меҳнат дафтарчаси қонунчиликка кўра, иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва пенсия қонунчилигига кўра, фуқаронинг меҳнат стажи унинг иш фаолиятини тўғри қайд қилувчи ҳужжатлар билан тасдиқланади. Ушбу ҳолатда, жамғариб бориладиган бир фоизлик бадалларнинг тўланмаганлиги сабабли иш стажига қўшилмаслиги фуқаронинг ижтимоий таъминот ҳуқуқини бузади.

Натижада, Термиз туманлараро маъмурий суди фуқаро Акбар Анваровнинг аризасини қаноатлантириб, унинг ижтимоий таъминот ҳуқуқини тиклади.

Давлат инсон ва фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мажбуриятини бажаришда давом этмоқда.

Санжар Каримов, Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan