Суюлтирилган газ етказиб беришда аҳолидан 2,2 млрд сўм атрофида асоссиз ҳақ олингани аниқланди
Истеъмолчиларга маиший суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнида газ баллонларидаги конденсат қолдиқлари ҳисобига асоссиз равишда ортиқча ҳақ олиниши ҳолатлари аниқланди.

Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
2025 йилнинг ўтган даврида Рақобат қўмитасига газ таъминоти билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 19 487 та мурожаат келиб тушган. Бу соҳада тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Шу муносабат билан Қўмита томонидан «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ҳамда тўғридан-тўғри унинг тасарруфида бўлган ҳудудий газ таъминоти корхоналарида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда тўғридан тўғри АЖнинг бўйсунувида бўлган корхоналарда ўрганиш ишлари ўтказилганда ўтган даврда республиканинг бешта вилоятида аҳолига тарқатилган маиший газ баллонларида суюлтирилган газнинг оғир қолдиқлари (конденсат) ҳажми жами 1,5 минг тоннани ташкил қилиши аниқланган.
Бунда:
- Навоийда — 92,9 тонна,
- Сурхондарёда — 490,2 тонна;
- Қашқадарёда — 371,3 тонна;
- Фарғонада — 370,5 тонна;
- Бухорода — 175,6 тонна.
Маълум бўлишича, бунинг ҳисобига истеъмолчилардан умумий ҳисобда 2,2 миллиард сўм атрофида ортиқча маблағ ундирилган.
Хусусан, Навоий вилоятида «Ҳудудгаз Навоий» филиали томонидан газ баллонларидаги 92,9 тонна оғир қолдиқ суюқлик учун истеъмолчилардан 125,4 миллион сўм ортиқча ҳақ олинган.
Сурхондарё вилоятида эса «Ҳудудгаз Сурхондарё» филиали томонидан 79 нафар истеъмолчига нисбатан 125,7 миллион сўм миқдорида ортиқча ҳисоб-китоб қилингани ва жами 490,2 тонна оғир қолдиқ учун 640,3 миллион сўм маблағ ундирилгани, умумий ҳисобда 766 миллион сўм ортиқча ҳақ олингани аниқланган.
Ушбу ҳолатлар бўйича Қўмита томонидан газ таъминоти корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш жараёнида қонун талаблари бузилганлиги белгиланиб, истеъмолчилардан ортиқча ундирилган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Рақобат қўмитаси бу йўналишдаги ўрганиш ишларини республика ҳудудлари кесимида тизимли равишда давом эттирмоқда.