ЖАМИЯТ

Бандихон туманида 1300 дан ортиқ тадбиркорлар фаолият юритади

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси раҳбарияти вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб, кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгариш ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифлари ўрганилмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Нарманов ҳамда Бандихон тумани ҳокими А.Алламурадовнинг бандихонлик тадбиркорлар билан учрашувида ҳам солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришлар, хусусан 5-тоифадаги ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорларга берилаётган солиқ имтиёзлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, Бандихон 5-тоифадаги туманлар таркибига киритилган бўлиб, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача (йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно):

▫️фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз;

▫️юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 50 фоизи миқдорида;

▫️Якка тартибдаги тадбиркорлар эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини ҳудуд учун белгиланган энг кам ставканинг тўртдан бир қисми миқдорида тўлайди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорларнинг солиқ имтиёзларини қўллаш, нотурар объектларга мол-мулк солиғини ҳисоблаш, банк ҳамда кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ва таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan