ЖАМИЯТ

ҚИСҚАРГАН МАСОФА, ЧЎНТАККА ҚОЛАЁТГАН ЙЎЛ ҲАҚИ

—Боботоғда туғилиб катта бўлганман, —дейди Термиз давлат университети ўқитувчиси С.Тўрақулов. —Қишлоғимиз Узун тумани марказидан қарийб 100, вилоят марказидан 250 километр узоқликда жойлашган. Тоғ йўлида юришнинг ўзига яраша машаққати бор. Айниқса, қорли-қировли кунларда тоғдан ошиб туман марказига келиб-кетишни тасаввур қилиб кўраверинг..!

Суҳбатдошим тўғри гапни айтди: Мен ҳам Боботоғда бўлганман. Фақат қишда эмас, ёзнинг чилласида борган эдим. “Толтуғай”, “Оқ мачит”,  “Боботоғ”, “Янгиобод” деган маҳаллаларга бориш учун тоғнинг баланд чўққисида етмиш-саксон километр йўл юришингизга тўғри келади. Йўлнинг икки томони тикка зов..! Қоядан пастга қараш учун одамнинг юраги бақувват бўлиши керак…

Ана шу олис тоғли ҳудудда бугун давлат хизматлари марказининг “Боботоғ” шохобчаси фаолият юритмоқда. Тоғ шароитида яшаётган аҳолига тезкор, қулай ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиб, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга хизмат қилиб келаётир.

—Узоққа бормайлик; бундан уч йил аввал ҳамқишлоқларим тоғдан ошиб, туман марказидан зарур  ҳужжатларини тўғирлаб келган бўлса, бугун маҳалламизда жойлашган давлат хизматлари маркази шохобчасидан керакли давлат хизматлари олаётир, —дейди С.Тўрақулов. —Мисол учун оддий электр энергияси тармоғига уланиш учун ҳам илгари камида уч-тўрт кун сарсон бўлардик. Бунинг устига йўл харажатларини айтмайсизми. Энди бўлса, олис масофа қисқарди, йўл ҳақи одамларнинг чўнтагига қолаяпти.

Узун тумани давлат хизматлари маркази ходимлари Боботоғ ҳудуди аҳолисига нафақат тезкор, шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш, балки уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаётир.

Хусусан, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни  ривожлантириш учун берилаётган имтиёз ва қулайликлар юзасидан тушунчалар бермоқда. Уйма-уй юриб, соҳага оид янгиликлар, давлат хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ маълумотлар акс этган турли тарғибот материллари билан таъминламоқда.

Халқ билан ҳамнафас яшаш, уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга кўмаклашиш давлат хизматлари агентлиги фаолиятида энг устувор вазифа экани бугун одамларнинг қалбига чуқур сингиб бораётир.

  Салоҳиддин Норқобилов