Қозоғистон ва Буюк Британия Мудофаа вазирликлари 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади.

Бу маросим Лондонда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги раҳбари полковник Ербол Қумарбекўғли бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида ўтказилди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, келаси икки йиллик устувор йўналишларни белгилади. Улар орасида қозоғистонлик ҳарбийларни Британия ҳарбий академияларида тайёрлаш, тинчликпарварлик ташаббусларини ривожлантириш ва тил ўқитиш асосий йўналиш сифатида белгиланди.
Мазкур келишув икки давлат ўртасидаги стратегик яқинлашувнинг давоми сифатида баҳоланмоқда. 2024 йил апрелда Остонада Қозоғистон ва Британия ташқи ишлар вазирлари стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаганди. Ўшанда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиёдаги дастурларни қўллаб-қувватлаш учун 50 млн фунт стерлинг ажратилишини эълон қилган эди. Бу маблағ энергетика, таълим, ноёб металлар ва савдо соҳаларидаги лойиҳаларга йўналтирилади.
Шу билан бирга, Қозоғистон мудофаа соҳасида мустақиллигини мустаҳкамлашни давом эттирмоқда. Жорий йил май ойида НАТО стандартларига мос 155 мм калибрли артиллерия снарядлари ишлаб чиқарадиган янги завод қурилиши бошланди. Ҳукумат маълумотига кўра, лойиҳа импортга боғлиқликни камайтириш ва минтақадаги беқарорлик шароитига мослашишни мақсад қилади.