
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш бош масала ыилиб олинган. Миллатлараро муносабатларни барқарорлаштириш ҳар қандай кўп миллатли жамиятда ўтиш даврининг ҳал қилувчи масаласи, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашнинг энг муҳим омили сифатида кун тартибига чиқади.
Бундай пайтда давлат фақат адолат кучига таяниб, миллий, ирқий, диний мансублигидан қатъи назар, мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини бирдек ҳимоя қила олгандагина бу масала ижобий ҳал этилади. Буни Ўзбекистон мисолида яққол қўриш мумкин. Ўзбекистонда миллий ва миллатлараро муносабатларга ана шундай оқилона ёндашилди. Натижада мустақилликнинг дастлабки йилларида оғир сиёсий бўҳронлар, иқтисодий тангликлар, маънавий-руҳий парокандаликнинг, кескин ижтимоий-сиёсий ларзаларининг олди олинди.
Ўтиш даврида барча зиддиятларни, қийинчиликларни ички ирода ва ички маданият билан енга олишга қодир бўлган фуқароларни шакллантириш, уларнинг ғоявий-мафкуравий бирлигини таъминлашга эришиш тақозо этилади. Шунинг учун Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар давлат сиёсатининг муҳим бўғинига айланди.
Турли сиёсий бўҳронлар ва иқтисодий тангликлар мавжуд бўлган бир пайтда ҳар хил қарашдаги одамларнинг, диний муносабатлари ва миллий хусусиятларидан қатъи назар, мамлакат фуқароси сифатидаги яхлитлигини, кундалик турмуш эҳтиёжларини ижтимоий адолат юзасидан тенг равишда қондириб туриш муҳим аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бутун моҳият-мазмунини, самараси ва миқёсини белгилайди. Айни ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган тақдирдагина у ўз самарасини беради. Миллатларни уларнинг миллий хусусиятларидан қатъи назар, умумий тақдир ва умумий истиқбол тушунчаси яқинлаштиради, бирлаштиради.
Миллатлараро муносабатлар – бу ижтимоий ҳодиса. Чунки ҳар қайси миллат вакили ижтимоий барқарорликдан, ижтимоий таъминотдан ҳақли равишда манфаатдор бўлишга доимий интилади. Миллатидан қатъи назар, ҳар қайси инсон фуқаро сифатида ўз мамлакатидаги барча имкониятлардан, неъматлардан фойдаланишга ҳақли. Ижтимоий муносабатлар жамият янгиланаётган бир пайтда эскича қарашлар исканжасидан халос бўлиши лозим. Оламни янгича идрок қилиш орқали унинг моҳиятини англаш жараёнида дунёқарашлар яқинлигига, аниқроғи дунёқарашлар уйғунлигига эришиш улкан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳодисадир.
Миллатлараро муносабатлар – бу маънавий-ахлоқий ҳодиса. Чунки миллат ўзини англаш, ўзини тиклаш жараёнида миллий худбинликка йўл қўймаслиги керак. Миллат уйғониш жараёнини бошидан кечираётган бир пайтда ўз миллий қадриятларини умуминсоний қадриятлар билан боғлиқ ҳолда ҳис қилиши лозим. Айни ана шу қадриятлар миллатнинг миллат сифатида ўзини англашидан олдин инсоннинг инсон сифатида ўзини англашини устун қўйишига олиб келади.
Бу ўз навбатида юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, жамиятимиз ҳаётида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Холмуродова Сурайё, Термиз давлат университети филологияси факультети сиртқи таълим 4-босқич талабаси