Бозор иқтисодиёти шароитида маблағларнинг шахслар ўртасида айланиши табиий ҳолат ҳисобланади. Айрим муносабатлар бевосита пул маблағлари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг предметини маълум миқдордаги маблағлар ташкил этади. Бу каби муносабатларнинг энг кенг тарқалган кўриниши — қарз муносабатларидир.

Агар сиз бошқа шахсга, айниқса катта миқдордаги пул маблағини қарзга бераётган бўлсангиз, албатта, кимга ва қандай мақсадда қарз бераётганингизни диққат билан ўйлаб кўришингиз лозим. Ҳатто қарз олувчи таниш ёки яқин инсонингиз бўлса ҳам, эҳтиёткорлик қилиш зарар қилмайди. Бунинг учун қарз мажбуриятини ҳуқуқий тартибда расмийлаштириш — яъни қарз шартномасини тузиш тавсия этилади.
Кўп ҳолларда қариндош ёки дўстдан тилхат талаб қилиш нотўғри қабул қилиниши мумкин: “Яқин кишидан тилхат олиш? Бу қандай гап?!” — деган фикрлар бўлиши табиий. Бироқ қарз олувчи қарзни қайтариш ниятида бўлса, тилхат ёки шартнома имзолаш унга оғирлик қилмайди. Бундай ҳужжат қарздорга унинг юридик мажбуриятлари борлигини эслатиб туради.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномасига биноан бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган ашёни мулк сифатида беради. Қарз олувчи эса ушбу пулни ёки ашёнинг ўрнини баробар турдаги, сифати ва миқдоридаги ашё билан қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Қарз шартномасининг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
- Реал шартнома: Қарз шартномаси тарафлар ўртасида ҳуқуқ ва бурчлар қарз (пул ёки ашё) топширилган пайтдан бошлаб кучга киради.
- Бир томонлама шартнома: Қарз шартномасида қарз берувчи ҳуқуқларга эга бўлса, қарз олувчи мажбуриятларга эга бўлади.
- Ёзма шаклда тузиш мажбурияти: Агар қарз миқдори энг кам иш ҳақининг ўн баробаридан ортиқ бўлса, фуқаролар ўртасидаги шартнома оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Агар тарафлардан бири юридик шахс бўлса, қарз миқдоридан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши лозим.
- Мулкий ҳуқуқларни ўтказиш: Қарз шартномаси мулк ёки уни бошқариш ҳуқуқини вақтинча ўтказишни назарда тутади. Қарздор қарзга олинган ашёнинг айнан ўзи эмас, балки унга тенг миқдордаги, хили ва сифатига мос бошқа ашёни қайтариши мумкин.
- Фоизлар: Агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, қарз берувчи қарз учун фоиз олиш ҳуқуқига эга.
- Ашё кўринишидаги қарз: Агар қарз олувчига ашё (турга хос аломатлар билан белгиланган) кўринишида қарз берилса ва шартномада кўзда тутилган бўлса, фоизлар тўланиши мумкин.
Шунингдек, қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий эмас, деб топилишига сабаб бўлиши мумкин. Агар қарз олувчи шартнома шартларини бузса ва қарзни қайтаришдан бош тортса, қарз берувчи судга мурожаат қилиши мумкин.
Ш.Ҳасанов, Жиноят Ишлари бўйича Термиз туман суди раиси