ҲУҚУҚ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДНИНГ ҲУЖЖАТИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИНИШИ МУМКИНМИ?

Мамлакатимизда Конституциявий суднинг фаолияти алоҳида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий Қонун билан белгилаб берилган.

Ушбу Қонун 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган бўлиб, 101 та моддадан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади.

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Конституциявий судга мурожаат қилинганда, давлат божи тўланмайди.

Конституциявий суд мурожаат олинган кундан эътиборан етти кундан кечиктирмай уни ўрганишга киришади.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш конституциявий суд ишларини юритишнинг мажбурий босқичидир.

Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиш натижалари юзасидан Конституциявий суд судьясининг (судьяларининг) хулосаси суд мажлисида маъруза қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида Конституциявий суд ажрим чиқаради. Ажримда иш бўйича маърузачи судья, ишни кўриш санаси, шунингдек ишни кўриш учун тайёрлаш билан боғлиқ бошқа масалалар кўрсатилади.

Қабул қилинган ажрим ҳақида конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари уч кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор қилинади.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан ўз ваколатига киритилган ишларни суд мажлисларида кўради ҳамда ҳал этади.

Конституциявий суд ишларни суд мажлисида кўришга Конституциявий суднинг камида беш нафар судьяси иштирок этган тақдирда ваколатли бўлади.

Ишни суд мажлисида кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги ажрим мурожаат кўриш учун қабул қилинганидан сўнг бир ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.

Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.

Конституциявий суднинг ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтами хулоса деб номланади.

Конституциявий суд ишларини юритиш процессуал масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим қабул қилади.

Конституциявий суднинг қарорлари ва хулосалари қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида расмий эълон қилиниши лозим ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Бошқа қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Хулоса шуки, Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас!

РУФАТ БЕГИМОВ,Сурхондарё вилоят суди судьяси 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan