Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фахрий Шохимардон Хамраевга Президентимизнинг байрам табриги, 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ҳамда совғаларни етказиб берилди.

Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигида ҳуқуқ-тартибот, мудофаа ва хавфсизлик идоралари раҳбарлари Бойсун туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фахрий Шохимардон Хамраев хонадонида бўлишиб, Президентимизнинг байрам табриги, 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ҳамда совғаларни етказиб беришди.
Учрашувда Шохимардон бобо уруш йилларидаги оғир кунлар, ҳаётий тажриба ва хотиралари билан ўртоқлашди. У тинчлик ва осойишталикнинг бебаҳо неъмат эканини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарига уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Тадбир якунида нуронийлар ва йиғилганлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз мустақиллигининг барқарор бўлиши учун эзгу тилаклар билдириб, дуога қўл очдилар.