
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 243-моддасига кўра, Меҳнатга ҳақ тўлаш иш берувчи томонидан ходимга унинг меҳнати учун тўловлар белгилаш ва уларни амалга ошириш юзасидан меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ва меҳнат шартномаси билан тартибга солинган муносабатлар тизимидир.
Иш берувчи томонидан ходимнинг малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб тўланадиган меҳнат учун мукофот суммаси, шунингдек компенсация хусусиятига эга тўловлар (компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал иш шароитларидан четга чиқадиган шароитларда ишлаганлик, ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун шундай қўшимча тўловлар ва устамалар ҳамда компенсация хусусиятига эга бошқа тўловлар) ва рағбатлантирувчи тўловлар (рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ҳамда устамалар, мукофотлар ва тақдирловчи тўловлар) иш ҳақидир.
Нормал иш шароитларида оддий ишларни бажариш чоғида иш вақтининг нормасини тўлиқ ишлаб берган ходимнинг малака талаб этмайдиган меҳнати учун қонунчиликда кафолатланган.
Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядига мувофиқ бўлган ойлик иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридир ҳамда ушбу кодекснинг 245-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳамда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бир вақтнинг ўзида белгиланади ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир.
Иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
Ўз меҳнат мажбуриятларини бажарган ходимнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тегишли календарь йилда олти кунлик иш ҳафтасидаги иш соатларининг ўртача ойлик миқдорига бўлинган, бир ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонунчиликда белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотлар, иш ҳақига устамалар, бошқа рағбатлантирувчи тўловлар, шунингдек иш вақтидан ташқари иш, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, тунги вақтдаги иш учун тўловлар, туман коэффициентларига доир тўловлар ҳамда бошқа компенсацияга оид ва ижтимоий тўловлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига киритилмайди.
С.Қулматов, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси, Молия-иқтисод шўбаси бош маслаҳатчи