ЖАМИЯТ

Тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар кўлами кенгаймоқда

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Музработ туманида фаолият юритаётган тадбиркорлар сони яна 120 нафарга кўпайди.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Эркин Нарманов музработлик кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда тумандаги 1561 та тадбиркорлик субъектининг хусусий сектор ривожидаги муносиб ҳиссаси тўғрисида сўз юритди.

Биргина мисол, тадбиркорлар томонидан ҳудуддаги янги ва бўш турган объектларнинг ишга туширилиши натижасида туман ижтимоий инфратузилмаси яхшиланиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Учрашув қатнашчиларига солиқ қонунчилигига оид янгиликлар тўғрисида маълумотлар берилди. Жумладан 2025 йил 1 майдан ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига – 1 йил давомида ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши, 2028 йил 1 январга қадар кичик тадбиркорлик субъектлари биринчи фаолият йили давомида илк бор содир этган савдо ва тадбиркорлик соҳаларига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликдан озод этилиши тушунтирилди.

Тадбиркорлик субъектларининг сув солиғи, мол-мулк ва ер солиғи, солиқ ҳисоботларини топшириш ва имтиёзлардан фойдаланиш тўғрисидаги кўплаб мурожаатлари тингланиб, айримлари жойида ҳал этилди. Бироз вақт ва ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan