
Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз, Какайди ва Хайраобод гарнизонларида 2025/26 янги ўқув йилининг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди.
Дастлаб маъсул офицерлар томонидан Ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг “Жанговар взвод (Батарея) йили” шиори остида бошланган янги ўқув йилига мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Сўзга чиққанлар яқиндагина сафларни тўлдирган аскар йигитлар тезроқ армия ҳаётига мослашиб, ўз ҳарбий қисм ва бўлинмаларининг жанговар шайлик даражасини янада юксалтиришларига умид билдиришди. Дунёда рўй бераётган турли тўқнашув ва қуролли можаролар ҳар биримиздан тажриба, билим ва кўникмаларга эга бўлишга, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни моҳирона бошқаришни ўрганиб, уларни шай ва соз ҳолатда ушлаб туришга, турли вазиятларда тўғри қарорлар қабул қилиш кўникмасини оширишга чақиришди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланди. Жанговар тайёргарликнинг модернизация қилинган, мослашувчан тизимининг жорий этилиши округ қўшинларини жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини бир неча баробарга оширилишига хизмат қилмоқда.
Гарнизон раҳбарлари ўтган ўқув мавсумда эришилган ютуқларни эътироф этиб, қўшинларни янги марраларни забт этишга руҳлантирди. Ҳар бир ҳарбий бўлинма бошқа бўлинма билан рақобатбардош, соғлом муҳитда мусобақалашиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, ҳарбий округ қўшинларига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, асосий вазифаларни белгилаб берди ва ушбу вазифаларни сифатли бажарилиши учун ҳарбий хизматчиларга катта ишонч билдирди.
Тантанали маросимдан кейин бўлинмаларда ўқув йилининг илк машғулотлари ташкил этилди. Унда дунё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, ҳарбий интизом ва ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан муомалада бўлганда хавфсизлик талабларига риоя этиш борасида маърузалар тингланиб, кўргазмали машғулотлар ташкил этилди.
III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ.
Термиз гарнизони.