Тожикистон парламентининг қуйи палатаси ижтимоий тармоқларда «лайк» босганлик учун жиноий жавобгарликни бекор қилишни маъқуллади

Қонун лойиҳасига кўра, Тожикистон Жиноят кодексининг 179(3) ва 307(1)-моддалари (оммавий равишда террорчилик фаолиятига даъват қилиш ёки уни оқлаш) бўйича эълон қилинган видеолар ва хабарларга эможи ва «лайк» қўйганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади.
Asia-Plus нашрининг ёзишича, Тожикистонда фуқаролар ижтимоий тармоқларда тақиқланган материалларга «лайк» босганлик ёки репост қилганлик учун жиноий жавобгарликка тортилар эди.
Мамлакат бош прокурорининг биринчи ўринбосари Умед Каримзода Республика Жазони ижро этиш бош бошқармаси маълумотларига таяниб, ҳозирда террорчилик ва экстремистик мазмундаги видеоларга лайк босганлик, репортажларга изоҳ қолдирганлик ва уларни улашганлик учун 1507 киши жазони ўтаётганини маълум қилди.