Тўловга қобилиятсиз деб топилган корхоналарни давлат реестридан чиқаришда юзага келаётган муаммолар

Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари ташаббуси билан “Тўловга қобилиятсиз деб топилган корхоналарни давлат реестридан чиқаришда юзага келаётган муаммолар” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда вилоят суди раиси Дилшод Таджибаев, соҳа мутахассислари, вилоят прокуратураси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси, солиқ ва адлия органлари, шунингдек, мутасадди ташкилот масъуллари иштирок этишди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддасига асосан суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади.

Тугатишга доир иш юритиш тартиб муддати эса 12 ойдан ошиши мумкин эмас. Зарурат бўлганда бу муддат тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ёки суд ташаббуси билан уч ойгача узайтирилиши мумкин.
Семинарда шу йўналишда жойларда учраётган ҳолатлар таҳлил қилинди. Маълумотларга кўра, Тошкент вилояти бўйича тугатиш муддати 1 йилдан ошган банкротлик ишлари 165 тани ташкил этган. Шундан энг кўпи Зангиота туманлараро иқтисодий судида 73 та, Чирчиқ туманлараро иқтисодий судида 32 та ва Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судида 22 тани ташкил этади. Ўз навбатида, кўплаб ишларда суд бошқарувчилари зиммасига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажармаган, ўз ишига масъулият билан ёндашмаган.
Шунингдек, уларнинг қўнимсизлиги ҳам тугатиш тартибларининг муддатлари сунъий равишда чўзилиб кетишига сабаб бўлган. Ҳолбуки иш юритувдаги мавжуд камчиликлар юзасидан суд бошқарувчилари билан олиб борилган мулоқотлардан ташқари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармасига тақдимномалар киритилиб, унда келгусида камчиликларга йўл қўймаслик бўйича қатъий чораларни кўриш юзасидан аниқ чоралар белгилаш масалалари қўйилган.
Таҳлил жараёнида суд бошқарувчилари томонидан тайёрланган хулосаларни кўриб чиқиш механизмида ноаниқликлар мавжудлиги, улар учун қатъий муддатлар белгиланмагани каби муаммолар айтиб ўтилди. Уларнинг ечими муҳокама қилинди ва камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.
АШУРХОН ИБРАГИМОВА,
Тошкент вилоят судининг
иқтисодий ишлар бўйича судьяси