Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг мурожаатларига қулоқ тутиш, улар билан сайёр қабуллар ўтказиш орқали ҳуқуқий тушунтиришлар бериш давлатимиз сиёсатининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги устувор йўналишларидан биридир.

Сурхондарё вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов жиноятларнинг содир этилиши ҳолати, келиб чиқиш сабаблари, шунингдек бу турдаги жиноятлар учун тайинланаётган жазо чоралари ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Инсон баъзан арзимас туюлган биргина хатоси туфайли гуллаган умрини панжара ортида ўтказиши, унинг оиласи, маҳалла-куй, умуман жамият учун аянчли ҳол. Шу маънода муассасада жазо ўтаётган маҳкумлар бундан ўзларига тегишли хулоса чиқармоғи лозим.

Манзил-колониясида вилоят суди раиси томонидан 5 нафар маҳкумларнинг якка тартибдаги мурожаатлари тингланди. Маҳкумларнинг мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Инсонпарварлик, кечиримлилик халқимизга хос фазилат. Қабул мобайнида ҳамда 9-май Хотира ва қадрлаш куни байрами арафаси муносабати жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан сайёр суд ҳам ўтказилди.
Сайёр судда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя этган, хулқини ижобий томонга ўзгартириб, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб олган ва тегишли хулоса чиқарган 12 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.
Мазкур манзил-колонияда ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби юксак фазилатлари кенг намоён бўлди.
ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ, Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси