
2024 йилнинг январь-декабрь ойларида Ўзбекистондаги 117 та маданий мерос объектига зарар етказилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Агентликнинг юридик бўлим бошлиғи Аҳадилло Ахмедовга кўра, 117 та маданий мерос объектига нисбатан қилинган қонунбузилиш ҳолатлари Бош прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган мониторинг давомида аниқланган.
«Археологик объектларда қазиш ёки турли бинолар қуриш ишлари амалга оширилиши натижасида уларга зарар етказилган. Шунингдек, архитектура объектларида офис сифатида фаолият юритувчи турли давлат ташкилотлари: вазирлик ва идоралар томонидан бинони таъмирлаш вақтида айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Яъни объектнинг эшигини алмаштириш, деворларини таъмирлаш пайтида асл ҳолатига зарар етказиш ҳолатлари кузатилган», — дейди Аҳадилло Ахмедов.
Агентликнинг давлат назорати бўлими бош мутахассиси Маҳмуд Чутбоевнинг қайд этишича, юридик ва жисмоний шахслар томонидан содир этилган мазкур ҳолатлар бўйича 30 та жиноий иш, 87 та маъмурий иш қўзғатилган.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етказилган зарар миқдори 345 млрд 984 млн сўмни ташкил этади. Ҳозирги пайтда давом этаётган суд ишлари ҳам бор. Суд жараёнларининг якунига қараб, бу рақамлар ўзгариши мумкин», — дейди у.