
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда энг масъулиятли тадбирлардан бири – қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни ёзги мавсумда фойдаланиш режимига ўтказишдан олдин кўргазмали машғулот ташкил этилди.

«Термиз» умумқўшин дала палигонида қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимига ўтказиш бўйича ташкил этилган кўргазмали машғулотда Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги қўмондонлик маъсул офицерлари ҳамда Термиз, Какайди ва Хайраобод гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар техник таъминот офицер ва сержантлари иштирок этди.

Тадбирда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, уларни соз ҳолатда сақлашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти таъкидланди. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъул эканлиги эслатилди.

Мазкур комплекс тадбирлар ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш ҳамда об-ҳавонинг иссиқ шароитида фойдаланишга ҳозирлаш учун ташкил этилади.
Кўргазмали машғулотни ташкил этиш учун ҳарбий қисмнинг жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлаш паркида 27 дан зиёд ўқув нуқталари ташкил этилди. У ерда жанговар машина, танк, зирҳли транспортёр, зенит-артиллерия қурилмалари, махсус техника, қурол-яроғ ва бошқа техникаларни ёзги шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишларининг моҳияти, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ташкил этилган постларда самарали ва сифатли иш олиб бориш, қурол-яроғ ва техникани об-ҳавонинг ҳарорати юқори шароитларда ишлатиш қоидалари, жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан йўриқномалар берилди. Техникаларга техник хизмат кўрсатиш бўйича кўргазмали тарзда ишлар намойиш этилди.
Мазкур тадбирларни бажаришда технологик хариталарга кўра ҳарбий қисмлардаги техникаларда совутиш суюқликлари алмаштирилади, ҳар бир жанговар машина агрегат ва тугунлари текширилади, фильтрларни тозалаш ва алмаштириш ишлари ўтказилади, ёқилғи-мойлаш ашёлари янгисига ўзгартирилади, электр ва алоқа жиҳозларининг созлиги назоратдан ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш йилига икки маротаба – баҳор ва кузда ташкил этилади.
Тадбир режасига кўра апрел ойининг охиригача Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинларидаги мавжуд қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг барчаси ёзги мавсумда фойдаланиш учун шай ҳолатга келтирилади.
III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони.