ЎЗБЕКИСТОН

Давлат хизматлари маркази одамларнинг вақти ва маблағини тежамоқда

Сурхондарё вилояти аҳолиси Термиз шаҳри ва 13 туманда фаолият юритаётган давлат хизматлари маркази, 3 олис ҳудуддаги марказ шохобчалари орқали 128 турдаги давлат хизматидан фойдаланмоқда.

Вақтнинг қимматини, қадрини бирор нарса билан ўлчаб бўлмайди. Кимдир уни оқар дарёга қиёсласа, яна биров табибга ўхшатади. Тўғрида, беморга даво келтирувчи ҳам, сувни манзил сари элтувчи ҳам вақт. Аммо, биз унинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Чунки у “бепул” берилган…

Икки энлик қоғоз олиш учун ҳафталаб давлат идораси эшиги олдида сарғайишни бир кўз олдингизга келтириб кўринг. Аламли ҳолат-а! Унинг ўрнига китоб ўқисак ёки фарзандлар тарбияси билан шуғуллансак, бирор тайинли иш қилсак яхши эмасми?

Аслида бу масала ўз ечимини топмасдан келаётган кўп йиллик оғриқли муаммо эди. Ортиқча сарсонгарчиликлар барчани бездириб қўйган эди. Узоқ ўтмишни қўя туринг, бундан уч йил аввал эшигингизни тақиллатиб “биздан нима хизмат” дейдиган давлат идораси бормиди? Ёки уйингизга бориб қўлингизга тайёр ҳужжат тутқазган бирор мутахассисни кўрганмисиз? Аксинча, ўша йилларда бундай хизматлар учун турли идоралар эшиги ва йўлларда қимматли вақтингизни ўтказганингиз, бир энлик қоғоз учун хуноб бўлганингиз ҳеч кимга сир эмас.

Аҳолини қийнаб келган, одамларнинг вақтини “ўғирлаган” бу муаммоларга ечим топилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин у халққа беминнат хизмат қилишнинг энг самарали усули эканини амалда исботлади.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони одамларга турли хизматлар кўрсатиш сифати ва самарасини тамомила янги босқичга кўтарди. Халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, тезкор ва қулай давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш учун Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Келинг, шу ўринда бир ўйлаб кўрайлик: бундан уч йил муқаддам вилоятнинг олис ва тоғли Боботоғ, Сина, Мачай қишлоқларида марказ шохобчалари ташкил этилиб, аҳолига тезкор, сифатли давлат хизматлари кўрсатишнинг йўлга қўйилишини ҳаёлимизга келтирганмидик? Ёки замонавий марказ ходимларининг нафақат хизмат кўрсатиш биноларида, балки сайёр (мобиль) хизматлар орқали ҳам олис ҳудудларда бўлиб, мижозларга тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишини тасаввур қилармидик? Йўқ, албатта!

Бу борадаги ишлар кўламини рақамлар билан қиёслайдиган бўлсак, биргина жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Сурхондарё вилоятидаги давлат хизматлари марказларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 253 минг 860 давлат хизматлари кўрсатишга оид мурожаат келиб тушди. Уларнинг 45 минг 726 таси давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатини олиш, 16 минг 557 таси фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, 30 минг 336 таси ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқини эътироф этиш, 16 минг 903 таси тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, 17 минг 233 таси кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш каби масалаларда хизматимиздан фойдаланди.

Хизмат турлари орасида судланганлик ҳолатини аниқлаш бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, олти ойда 4 минг 625 фуқаро мазкур масалада мурожаат этди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу мурожаатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиб, фуқароларга тегишли маълумотлар берилди. Давлат хизматлари кўрсатишнинг бундай тартиби нафақат аҳолининг вақтини, балки пул маблағларини тежаб қолаётгани билан ҳам барчага бирдек манзур бўлмоқда.

– Туман марказидан қарийб 100 чақирим узоқда яшайман, – дейди Узун тумани Янгиобод маҳалласидан Жамолиддин Хуррамов. – Бундан уч-тўрт йил аввал ҳамқишлоқларим Боботоғдан ўтиб, кўп вақтини йўлда ўтказиб, туман марказидан ҳужжатларни тўғирлаб келар эди. Бунинг устига йўл харажатини айтмайсизми? Энди бўлса, давлат идоралари ходимлари маҳалламизга, ҳатто уйимизга келиб ишимизни битириб кетаяпти. Давлат идоралари халққа яқинлашганини кўриб, билиб турибмиз. Яқинда туман давлат хизматлари марказининг маҳалламизда жойлашган “Боботоғ” шохобчасига бориб, судланганлик ҳолатини аниқлаш бўйича мурожаат қилдим. Масалам бир кунга бормай ҳал бўлди. Илгари бу масалада адашмасам, камида ўн-ўн беш кун вақт йўқотар эдик. Қаерга боришни, кимга учрашишни ҳам билмасдик, рости. Бундан олдинроқ марказ ходимлари уй-жойимни кадастр идорасидан ҳужжатлаштириб берган эди.

Кўрсатилаётган бошқа хизматларимиз бўйича ҳам қувончини яширолмай илиқ фикрлар айтаётган юртдошларимиз кўп. Бу ниманинг аломати? Бу одамларнинг сунъий сарсонгарчиликлардан қутулиб, давлат идораларига эмин-эркин мурожаат этаётганидир. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак“, деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодасидир.

Зафар АКРАМОВ,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

давлат хизматлари агентлиги

Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.

ЎзА