Кўчмас мулк шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш тартибини биласизми?

Кўчмас мулк ижара ёки текин фойдаланиш шартномалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади ва солиқ хизматлари, YIDXP ёки Давлат хизматлари маркази орқали давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Кўчмас мулк шартномаси амал қилиш муддати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар доирасида, тарафлар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.
Ижарага (текин фойдаланишга) берувчи кўчмас мулк шартномасини шартнома тузилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органида ҳисобга қўйиши шарт.
Кўчмас мулк шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишда тўлов ундирилмайди.
Ариза берувчи кўчмас мулк шартномаларини солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишда Давлат хизматлари маркази, YIDXP ёки Солиқ қўмитасининг махсус автоматлаштирилган ахборот тизимида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб, фақат электрон шаклда реал вақт режимида амалга оширилади. Турар жой ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш сўровномага ижарага олувчи(лар) ва уларнинг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандларининг JSHSHIR ларини киритиш орқали амалга оширилади. Шартнома электрон тарзда ҳисобга қўйилганда кўчмас мулк шартномаси ҳисобга қўйилганлиги ҳақида QR-коди мавжуд гувоҳнома шаклланади.
Кўчмас мулкнинг ижара (текин фойдаланиш) шартномаларини солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш учун сўровнома юборилганда, ижарага олувчи(лар)ни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Кўчмас мулк шартномаси белгиланган тартибда тузилган шартномада кўрсатилган муддат тугаганидан сўнг бекор бўлади.
А. Чариев. Термиз туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи