ҲУҚУҚ

СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Барча фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бузилган ҳуқуқлари юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилинади.

Судларга икки хил тоифадаги мурожаатлар қилиш мумкин:

Биринчиси, бу оддий хат тарзидаги (муайян иш билан боғлиқ бўлмаган) мурожаатлар, яъни ариза, таклиф, шикоятлар;

Иккинчиси, муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар, яъни ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.

Биринчи тоифадаги мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида  белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Агар ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Иккинчи тоифадаги мурожаатлар тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, жиноят ишлари бўйича судларда Жиноят-процессуал кодексида  маъмурий судларда Маъмурий суд ишларини юритиш кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларга фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво аризаси билан, буйруқ тартибида иш юритиш бўйича, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда ариза билан мурожаат қилинади.

Бундан ташқари, ариза билан мурожаат қилинадиган бошқа ишлар юзасидан эса:

  • ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ва ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар;
  • чет давлат судларининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судларининг (арбитражларининг) ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар;
  • корхоналарнинг маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар.

Юқоридагиларга кўра судларга қилинган ҳар қандай кўринишдаги мурожаатларни ўз вақтида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши жамиятимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг натижаси бу эса халқимиз мафаатини учун қонун устуворлигини таъминлашда мухим омил бўлиб ҳисобланади.

РАМЗ ТИЛЛАЕВ,Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan