
Тошкентда Япония ҳукуматининг «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида грант шартномаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Япониянинг юртимиздаги элчиси Такаши Ҳатори ҳамда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятининг тиббиёт ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Грант битимларига мувофиқ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига 111720 долларлик, Республика перинатал марказига 75840 долларлик, Болалар онкологияси, гематологияси, иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига эса 27876 долларлик замонавий тиббиёт ускуналари тақдим этилади.
«Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда давом этади», – дейилади Япония элчихонаси хабарномасида.