ДУНЁ

Трамп НАТО давлатларини мудофаа харажатларини ЯИМ 5 фоизигача оширишга чақирди

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп НАТО давлатлари йиллик мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириши кераклигини айтди. Республикачи бу ҳақда 7 январь, сешанба куни Флоридада ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.

Трамп: Мен НАТОни қутқардим

АҚШ сайланган президенти биринчи президентлик даврида Европадан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизигача оширишни талаб қила бошлаганини эслади. «НАТО ҳақида мендан кўра кўпроқ ҳеч ким билмайди», деди у. Унинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика альянсининг янги бош котиби Марк Рютте 2024 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган йиғилишда «агар мен бўлмаганимда НАТО мавжуд бўлмасди, деган эди».

«Мен ўшанда айтдим: агар сиз тўламасангиз, биз сизни ҳимоя қилмаймиз. Мен буни айтишим биланоқ, пул кела бошлади. Обама буни айтиши мумкин эди, лекин буни мендан бошқа ҳеч ким айтмади. Тўғрисини айтсам, мен НАТОни сақлаб қолдим».

Оқ уй собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, унинг талабларидан олдин «НАТОнинг 28 давлатидан 21 таси ўз ҳисобларини тўламаган» ва у «680 миллиард доллардан кўпроқ пул йиғишга» муваффақ бўлган. «2 фоиз эди. Лекин 5 фоиз бўлиши керак», дея қўшимча қилди у.

Журналистлар ундан бу талабга аниқлик киритишни сўрашди. «Баъзилар етарли пул тўламади, баъзилари эса 1 фоиз тўладилар, – деб жавоб берди Трамп. – НАТОда 5 фоиз бўлиши керак. Менимча, улар буни қила олади».

«Агар сизнинг мамлакатингизда мунтазам армиянгиз бўлса, сизда – 4 фоиз. Уларда эса хавфли ҳудуд, уларда 2 фоиз эмас, балки 5 фоиз бўлиши керак», — дея хулоса қилди республикачи.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan