
Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Афғонистонга зарба берди, 46 киши ҳалок бўлди, яна олти киши яраланди. Бу ҳақда Афғонистон муваққат ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитрат журналистларга маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Покистон авиацияси Афғонистон ҳудудига тўрт марта зарба берган, кўплаб уйлар вайрон бўлган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалардир, деди Фират.
Покистон ҳаво кучлари самолётлари Афғонистондаги Пактика вилоятига зарба берди
24 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида Покистон ҳаво кучлари самолётлари Афғонистоннинг Пактика вилоятининг бир неча ҳудудларига ҳужум уюштирди.
Афғон расмийларининг айтишича, ҳужум тинч аҳолини нишонга олган. Бироқ Покистон матбуоти қирувчи самолётлар Покистон Толибонининг (ТТП) тўртта базасини нишонга олганини ёзмоқда.
Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги воқеадан сўнг ҳужум халқаро ҳуқуқни бузиш эканлигини ва “жавобсиз қолмаслигини” айтди.
Аввалроқ, Покистон армияси Хост, Пактия ва Кунар вилоятларидаги ТТП базаларини нишонга олиб, икки давлат расмийлари ўртасида кескинликни келтириб чиқарган эди.
Покистондаги террор муаммоси
Сўнгги йилларда Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва ва Балужистон каби вилоятларида терактлар сони сезиларли даражада ошган.
Қуролли гуруҳлар ҳар икки вилоятдаги пуштун ва балуж этник гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишини даъво қилиб, Покистон хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолига ҳужум қилган.
Исломободнинг айтишича, ҳужумларни асосан Хайбер-Пахтунхва вилоятида амалга оширувчи ТТП Афғонистондан ҳужумлар уюштирмоқда. Афғон расмийлари айбловларни рад этади.