Олтинсой туманида яшовчи Ноила исмли ёш келинчак қиз фарзандни дунёга келтириб, она деган бахтга муяссар бўлади. Афсуски, эндигина кўз очиб дунё юзини кўрган чақалоқни ўзининг хоҳиш истагига қарши бориб ўзга бир фарзандсиз оила тарбиясига ўз ихтиёри билан бериб юборишга мажбур бўлади.
Йиллар давомида фарзандсиз бўлиб юрган оила вакиллари тақдирнинг берган неъматидан шукроналар айтиб, қизалоқ фарзандга бор меҳрларини кўрсатиб кўз қорачиғидек асрайди. Орадан бир неча ойлар ўтиб Ноила қилган ишидан чин пушаймонлигини ҳамда фарзанд буюк неъмат эканлигини англаб ёлғиз фарзандини ўзи тарбиялаб катта қилиш умидида болани қайтариб олишга ҳаракат қилади.
Вазият шу қадар чигал бўлиб кетган эдики охир оқибат фуқаролик ишлари бўйича судда атрофлича кўриб чиқилиб, қонуний тўхтамга келинди ва болани она тарбиясига қайтариш зарурлиги белгиланди.
Суд ҳужжатлари ҳар қандай ҳолатда ижро этилиши лозим. Мажбурий ижро бюроси Олтинсой туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, жавобгар тараф бир неча бор огоҳлантирилди.
Суд қарори ижросини ихтиёрий бажаришдан бўйин товлагани учун Бюронинг туман бўлими давлат ижрочиси Х.Жўраев томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли соҳа вакиллари ҳамда холислар жалб қилинди. Давлат ижрочилари суд қарори ижроси таъминланиши ва бола она тарбиясига қайтарилиши лозимлиги тушунтирилди.
Вазият қанчалик мураккаб бўлмасин суднинг ижро ҳужжати амалда ижро этилиши таъминланиб, 8 ойлик чақалоқ соғ-саломат она тарбиясига олиб берилди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси.