Давлат тилини ривожлантириш департаменти ўзининг Facebook даги саҳифасида имловий ва луғавий хатоларни тузатувчи http://t.me/bexatoreklamabot телеграм боти (тест режимида) ишга туширилганлигини хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 21-октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш бўйича 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Бунда давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш, ёш авлоднинг қалбига она тилини болаликдан сингдириш, интернет ва алоқа воситалари имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда ўзбек тилини кенг тарғиб этиш бўйича ишларни кучайтириш муҳим ўрин тутади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ўзига юклатилган, хусусан, реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги вазифалари амалий ижросини таъминлаш доирасида давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Булардан бири республикамиз кўчалари кўрки бўлган ташқи реклама конструкцияларидаги реклама ва эълонлар матнида ахборотнинг маъноси бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хорижий сўзлар ва иборалардан фойдаланишга йўл қўймаслик, имловий ва луғавий хатоларга барҳам бериш орқали ўзбек тилининг ривожланишига ҳисса қўшишдан иборатдир. Шу мақсадда Aгентлик томонидан t.me/bexatoreklamabot телеграм боти (тест режимида) ишга туширилди. Ушбу бот орқали эндиликда истеъмолчилар ташқи реклама воситалари орқали жойлаштирилаётган реклама ва эълонлар матнида имловий ва луғавий хатолар учраса, бу ҳақда Aгентликка хабар беришлари мумкин.