СИЁСАТ

Ҳар бир овоз муҳим аҳамият касб этади

Шўрчи туманидаги қайси сайлов участкасига бормайлик, отахон ва онахонларимизнинг ортида турган минглаб ёшларни кўрдик. Улуғларнинг дуоси билан бошланган сайлов жараёнида иштирок этиш катта байрамга айланиб кетди.

Сайловга тайёргарлик жараёнида фахрийларимиз барча маҳаллалар, ташкилотлар, ўқув юртлари, фермер хўжаликлари, саноат корхоналари, маданият саройларида, спорт майдонларида маърузалар қилишди, давра суҳбатлари ўтказди. Улар ёшларга ушбу сайловнинг аҳамиятини тушунтириб бердилар.

— Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён бўлган сайловида кекса авлод вакиллари фаоллик билан овоз берди, – дейди “Нуроний” жамғармаси раиси Ўрол Чўтбоев. – Мен ҳам туманимиздаги “Дўстлик” маҳалласида жойлашган 502-сайлов участкасида оила аъзоларим билан қатнашиб, муносиб номзодга овоз бердим. Зеро, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, кесалар эъзози-ю, ёшларнинг истиқболли келажаги йўлида ҳар биримизнинг берган овозимиз муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, жаннатмонанд юртимизнинг барча ҳудудларида байрамона кайфиятда ўтган овоз бериш жараёнида нуронийлар фаол қатнашиб, элимизнинг фароғатли, осуда ҳаёти, диёримиз ободлиги учун дуолар қилдилар.

Ўз конститутцион ҳуқуқларидан фойдаланиб овоз берган кексаларимизнинг юзларидаги мамнуният ва шукроналик ҳисси ёшларга ибрат бўлди. Шунингдек, сайловга кела олмайдиган отахон ва онахонларнинг уйларига сайлов участкалари вакиллари ташриф буюриб, уларнинг сайловда қатнашишига барча шарт-шроитларни яратгани нуронийларимизни янада мамнун этди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan