“Док-1 Макс” сабаб боласи ногирон бўлиб қолган ота ССВ раҳбари жамоатчиликка ёлғон маълумот берганини айтмоқда

Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров Тошкентда ўтаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 21 октябрдаги тадбирлардан сўнг журналистлар билан бўлган мулоқотда «Док-1 Макс» иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга «давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам» кўрсатилаётганини маълум қилганди.
Фарзанди 2022 йил декабрь ойида «Док-1 Макс»дан заҳарланган ва 65 кун комада ётган 5 ёшли Алибек Ўктамовнинг отаси Феруз Нуритдиновнинг айтишича вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.
«Ўша вазир ҳам, унинг ходимлари ҳам, ҳатто давлатнинг бирорта шифохонаси шифокорлари ҳам бирор марта ўғлимнинг ҳолидан хабар олмаган-ку. Қандай қилиб кўмак бераётган экан? Ҳатто уйимнинг эшиги қайси томонга очилишини билмай туриб, биз ногирон бўлиб қолган болаларни даволаяпмиз, кўмак беряпмиз дейишга уялмадими? Ўша вазирдан сўранг-чи, доримас, бирорта шприц берганмикан? Вазир бундай ёлғон гапириб турса, ундан пастдагилардан нима кутайлик?», — дейди Феруз Нуритдинов.
Унинг айтишича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар вазир билан кўришиш ниятида юрибди.
Жабрланувчининг айтишича, у фарзандини даволатиш учун айни кунга қадар сотилган уйи ва яқинларидан олинган қарзлари эвазига тўпланган катта миқдордаги маблағини сарфлаб бўлган. Шунга қарамасдан, унинг фарзанди гапиролмайдиган, юролмайдиган ногиронга айланган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг “Док-1 Макс” таблетка ва сиропидан жами 70 нафарга яқин боланинг ўлим ҳолати кузатилганди.