
Бугун Элит Осиё чемпионлар лигасида учинчи тур доирасида “Пахтакор” сафарда Ироқнинг “Ал Шорта” клубига қарши майдонга тушади.
Мазкур учрашув олдидан ҳар иккала клуб ҳақида айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. “Ал Шорта” жамоаси жами 7 маротаба Ироқ чемпионига айланган. Сўнгги 3 мавсумда бу жамоа кетма-кет Ироқ чемпионатида ғолибликни қўлга киритиб келган. Ҳозирда “Ал Шорта”ни маҳаллий мураббий Аҳмад Салаҳ бошқариб келмоқда.
“Пахтакор” эса миллий чемпионатимиз тарихида жами 16 маротаба чемпионга айланган. “Шерлар” бу йилги мавсумга қадар 1992, 1998, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2012, 2014, 2015, 2019, 2020, 2021, 2022, 2023 йилларда Ўзбекистон чемпионатида зафар қучган. Умумий рекорд ҳам «Пахтакор»га тегишли бўлиб, олти бор кетма-кет чемпионликка эришган.
Чемпионликлардан ташқари, 13 бор Ўзбекистон кубоги, 2 марта Суперкубок, бир мартадан МДҲ ва Лига кубогида ҳам жамоамиз бош соврин соҳиби бўлган.
«Пахтакор» Осиё клублар ўртасидаги мусобақаларда Ироқ жамоаларига қарши 8 ўйинда майдонга тушган. Дастлаб, 2003 йил «Ал-Талаба» билан Тошкентда ўтган учрашувда 3:0 ҳисобидаги ғалабани нишонлаган бўлса, 2005 йил «Завра» билан гуруҳ босқичида кечган беллашувларда мағлубиятга учраган. 2008 йил эса «Арбил»га қарши гуруҳ босқичидаги баҳсларда «Пахтакор» устун эканини кўрсатган. Тошкентда 2:0, сафарда 5:1 ҳисобида пойтахтимиз клуби устун келган. 2019 йил айнан «Эйр Форс»га қарши Тошкентдаги плей-офф ўйинида жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган. 2021 йил эса «Ал Қува» билан баҳсларда 0:0 ҳамда 1:0 натижалари қайд этилган. Умумий 8 ўйинда 5 ғалаба, 1 дуранг ва 2 мағлубият қайд этилиб, Ироқ клублари дарвозасига 14 гол урилган ва 5 тўп ўтказиб юборилган.
Бугун, 21 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:00да “Карбала” Халқаро стадионида бошланадиган мазкур учрашувда “Пахтакор” муносиб ўйин намойиш этиб, муҳим 3 очкони қўлга киритишига умид қиламиз.
Элит Осиё чемпионлар лигасининг ўтган икки туридан сўнг жадвалда “Ал Ҳилол” ва “Ал Аҳли” клублари 6 очко билан пешқадамга айланган бўлса, “Ал Садд” ҳамда “Ал Наср” жамоалари 4 очко жамғарган ҳолда 3-4 поғонадан жой олди.
“Истиқлол”, “Ал Гарафа” ва “Ал Васл” эса 3 очко тўплаб кейинги ўринларда бормоқда. “Персеполис”, “Пахтакор”, “Ал Айн”, “Ал Шорта” ҳисобида 1 очкодан бор. Икки турда кетма-кет мағлуб бўлган “Ал Райан” эса жадвалнинг охирги ўрнида қолмоқда.
Маълумот ўрнида: 3-тур доирасида “Ал Садд” – “Персеполис”, “Ал Айн” – “Ал Ҳилол”, “Ал Райан” – “Ал Аҳли”, “Ал Гарафа” – “Ал Васл”, “Истиқлол” – “Ал Наср” жамоалари ўзаро куч синашади. Ушбу баҳслар 21-22 октябрь кунлари бўлиб ўтади.