Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик тадқиқотлар институти, Араб давлатлари лигаси ва «Ал-Азҳар» диний мажмуаси кутубхонаси фондидан 500 дан зиёд ноёб адабиёт ва дарсликлар Ўзбекистон элчихонасига топширилди
Дипломатик тадқиқотлар институти томонидан инглиз ва араб тилларида тақдим этилган китоблар замонавий дипломатия, сиёсат, иқтисод, фалсафа, Яқин Шарқдаги жараёнлар, минтақадаги давлатлар тарихи ва кўп йиллик муаммоларни ҳал қилиш истиқболлари каби мавзуларни қамраб олган.
Шунингдек, мусулмон оламидаги энг қадимий ва энг нуфузли олийгоҳлардан ҳисобланган «Ал-Азҳар аш-Шариф» диний мажмуаси эса «Ал-Азҳар» университетида талабаларга ўқитиладиган қимматли адабиётлар, муқаддас Ислом дини ва маънавиятга чорловчи қўлланмаларни тақдим этди.
Мазкур жамланма ҳолидаги китоблар «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг «Шарм аш-Шайх–Тошкент» йўналишидаги авиақатнови орқали мамлакатимизга етказилди.
Ушбу китоблар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, унинг ҳузуридаги Дипломатик академия ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясига тақдим этиш режалаштирилган.
Мазкур қадам Ўзбекистон ва Миср олий таълим муассасалари ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг кичик бир мисоли бўлиб, сўнгги йилларда талабалар ва ўқитувчи алмашиш, ўзаро малака ошириш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар йўналишда ҳам алоқалар кенгайиши икки давлат халқлари ўртасидаги тарихан мустаҳкам ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга замин яратмоқда.