СИЁСАТ

Давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли

Ҳар қандай давлат уни қўллаб-қувватлайдиган ва фаолият юритишда қатнашадиган фуқароларнинг, улар бириккан жамоат ташкилотларининг фаоллиги билан кучлидир.

Шу сабаб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамғармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.

Айниқса, бу жараён 2017-йилдан сўнг, яъни Муҳтарам Юртбошимиз томонидан Янги Ўзбекистонни дунё мамлакатлари даражасидаги тараққиётга, аҳолини эса муносиб фаровонликка эриштириш йўлида олиб борилаётган оқилона, узоқни кўзлаб қилинаётган ислоҳотларда яққол намоён бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтларини давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан юксалтириш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий асослар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августда қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сон фармони муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу Фармон Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни кўзда тутади. Бунда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

1. Давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш;

2. Жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;

3. Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш;

4. Фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш;

5. Фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг чет элдаги уюшмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

6. Фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий кенгашлар ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини қўшиб юбориш ва уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмаларини ташкил этиш ҳам назарда тутилди. Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ташаббускор фуқароларни «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш ваколатини Парламент комиссиясига ўтказилади.

Эътиборли жиҳати, 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар Фонд маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида тўланадиган бир қатор солиқ турлари бўйича белгиланган ставкалар 50 фоизга камайтирилди.

Фуқаролик жамияти – халқнинг тақдири акс этадиган демократия кўзгусидир. Чунки, демократик давлатда фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотларнинг локомотиви ҳисобланади. Жамоат ташкилотлари мамлакатдаги ҳар қандай ўзгариш ёки янгиланишлар бошида туриши, халқ манфаатларини ифода этиши, кўпнинг хоҳиш-иродасини ҳукумат даражасига олиб чиқмоғи лозим. Янги Ўзбекистон эса айнан шу йўлдан оғишмай бораётган давлатлар ичида энг пешқадамлардан бири бўлганлигини, асрлар давомида эриша олмаган муваффақиятларимизга жуда қисқа фурсатда эришганимиз билан ифодалаш мумкин.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан илгари сурилаётган порлоқ истиқболли улкан режалар эса, Янги Ўзбекистонни аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган “Олтин аср” бўсағаси томон етаклаши шубҳасиз.


Т.Тошев ,Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси      
етакчи мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan