2024 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ПФ-80-сонли “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Ҳуқуқий тарғибот куни” сифатида белгиланган.

Кеча Олтинсой тумани “Чинор” маҳалласининг фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирокида навбатдаги “Ҳуқуқий тарғибот куни” тадбири ўтказилди. Тадбирда ПФ-80-сонли Фармон мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти ҳамда маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида кенг тушунчалар берилди.
Шунингдек, маҳалла фуқароларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, оила, никоҳ ва меҳнат муносабатлари ҳақида ҳам батафсил маълумот тақдим этилди. Бу каби маълумотлар, аввало, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ва уларнинг ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Тадбир доирасида сайёр қабул ташкил этилиб, фуқаролардан мурожаатлар қабул қилинди. Шу билан бирга, давлат хизматларини яқиндан тақдим этиш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, аҳолининг турли муаммоларига ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай тадбирлар маҳаллий аҳолининг давлат идоралари билан яқин ҳамкорликда ишлашини кучайтириб, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилиш имконини беради.
“Ҳуқуқий тарғибот куни”нинг самарадорлиги маҳаллалардаги аҳолига ҳуқуқий билимларни етказиш ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини тўғри фойдаланишга йўналтирилган.
Жуманазар Ишниязов, Олтинсой тумани Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи