СИЁСАТ

Сурхондарёда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайловларига тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди

Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайловларида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва номзодларнинг рўйхатга олиниши ҳамда сайловолди ташвиқоти масалалари муҳокама қилинди.

Маълум қилинганидек, партиялардан жами 250 нафар номзод рўйхатга олинган, шундан 42 фоизи аёллар, 58 фоизи эркаклар. Номзодларнинг ёш бўйича таркибида 30 ёшгача бўлганлар 21,6 %, 30-45 ёшлилар 36,8 %, 45-60 ёшлилар 34,4 %, ва 60 ёшдан юқори бўлганлар 7,2 % ни ташкил қилади.

Миллати бўйича таҳлилда номзодларнинг аксарияти ўзбеклар (91,2 %), қолганлар рус, тожик, туркман ва бошқа миллат вакилларидир. Маълумоти бўйича эса, номзодларнинг 59,2 % олий маълумотлилар, шундан 7,2 % хорижда таҳсил олганлар.

Мутахассислиги бўйича педагоглар 27,2 %, иқтисодчилар 19,2 %, муҳандислар 12,8 %, ҳуқуқшунослар 9,6 %, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасидагилар ҳар бири 7,2 % ни ташкил этади. Бошқа соҳалар вакиллари 16,8 % ни ташкил қилади.

Йиғилишда сайловолди ташвиқоти давомида ҳар бир партия ва номзодга тенг шароит яратиш мақсадида худудий сайлов комиссияси томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Ташвиқот жараёнида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари ҳамда Сурхондарё телерадиокомпаниясида сиёсий партияларнинг чиқишлари ташкил этилиши таъкидланди.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан ҳамкорликда ташвиқотнинг мониторинги амалга оширилиши белгиланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan