Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикасида 2024 йилнинг 27 октябрь кунида муҳим сиёсий жараёнлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлари депутатлари сайлови бўлиб ўтади.

Мамлакат тарихида биринчи марта Қонунчилик палатасига сайловлар мажоритар ва пропорционал вакилликни бирлаштирувчи аралаш сайлов тизими орқали ўтказилади.
Сайлов тизими – сайлов ўтказиш тартибларининг ҳамда уларни ўрнатувчи ҳуқуқий нормаларнинг мажмуи. Сайлов тизими давлат вакиллик органларини шакллантириш юзасидан мавжуд бўлган ва фуқароларни сайловга жалб этиш, сайловларни ташкил қилиш ва депутатнинг сайловчилар билан ўзаро муносабатларини белгилайдиган тартибини, фуқароларнинг барча сайлов ҳуқуқларини ўз ичига олади.
Жаҳон мамлакатларининг давлат қурилиши тажрибасида сайлов тизимининг қуйидаги турлари қўлланади: Мажоритар, пропорционал, аралаш сайлов тизимлари.
Мажоритар сайлов тизими деганда (франс. мажорите – кўпчилик сўзидан) вакиллик органларига сайловларда овоз бериш натижасини аниқлаш тушунилади. Унда қонун билан белгиланган кўп овозни олган номзод (ёки номзодлар рўйхати) муайян округ бўйича сайланган ҳисобланади. Ҳозирги замон конституциявий ҳуқуқида нисбатан мутлақ ва малакали кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимлари қўлланади.
Масалан, АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мексика ва бошқа давлатларда. Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизимда берилган ва ҳақиқий деб топилган овозларнинг умумий сонидан мутлақ (ёки оддий) кўп овоз (яъни 50% +1 та овоз) олган номзод сайланган ҳисобланади. Агар номзодлардан биронтаси ҳам етарлича овоз олмаса, қайта овоз бериш ўтказилади, бунда номзодлар рўйхатида нисбатан кўп овоз олган 2 та номзод қолдирилади.
Баъзан қайта овоз бериш ўрнига 2-тур овоз бериш ўтказилади, бунинг натижалари бошқача тизим бўйича аниқланади (масалан: Францияда Миллий Мажлис – парламентга сайловларда мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизим, 2-тур овоз беришда эса нисбатан кўпчиликнинг овозига асосланган мажоритар тизим қўлланилади). Нисбатан кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизим энг содда тизим бўлиб, бунда номзодлар орасидан ўз рақибларининг ҳар бирига нисбатан кўп овоз олгани сайланган ҳисобланади.
Бу тизимда кўпинча сайловчиларнинг қўллаб қувватлашига эга бўлмаган партия парламентда кўп ўринга эга бўлиши мумкин. АҚШ, Буюк Британия ва бошқа бир қанча давлатларда мажоритар тизимнинг ана шундай шакли қўлланади. Шунингдек, мажоритар тизимнинг камдан кам ҳолларда қўлланадиган яна бир тури малакали кўпчилик овозига (умумий овозларнинг 2/3, 3/4 маъқулланган қисмига) асосланган мажоритар тизим ҳам мавжуд.
Бироқ, бунда фақат жуда оз номзодлар сайловчиларнинг 65% овозини олиши мумкин бўлганлиги учун, мандатлар, одатда, вакилликнинг пропорсионал тизими бўйича тақсимланади. Ҳар бир сайлов округидан сайланадиган депутатларнинг сонига қараб бир мандатли ёки кўп мандатли мажоритар сайлов тизимлари бўлиши мумкин. Бир мандатли мажоритар тизимда бир округдан бир депутат сайланади. Кўп мандатли мажоритар тизимда бир округдан бир неча депутат сайланади.
Пропорционал сайлов тизими овоз бериш натижаларини аниқлашнинг бирмунча мураккаб тартиби бўлиб, бунда мандатлар ўз номзодларини вакиллик органларига қўйган сиёсий партиялар ўртасида улар томонидан олган овозларнинг сонига мос равишда тақсимланади.
Пропорционал сайлов тизимида катта-катта сайлов округлари тузилиб, уларда ҳар бир партия ўз вакилларининг рўйхатини илгари суради, сайловчилар эса тегишли партиялар томонидан кўрсатилган вакилларнинг рўйхати учун овоз беради. Овоз бериш натижаларини аниқлаш учун сайлов мезони (ёки квота), яьни бир депутатлик мандатини олиш учун зарур бўлган овозлар миқдори (одатда, камида 4-5% қилиб) ўрнатилади.
Бунда шартга кўра, муайян жамоат бирлашмаларининг номзодлари ана шу белгиланган овозларни олгандан кейингина мандатларни тақсимлашда қатнашади. Аввало сайловчилар берган овозлар миқдори депутатлик ўринларининг сонига бўлинади. Шунда битта мандат доирасидаги овозлар сони маьлум бўлади. Кейин ҳар бир партия олган овозлар алоҳида-алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Бу миқдор депутатнинг бир мандати учун зарур бўлган овозлар миқдорига бўлинади.
Шунда мазкур сиёсий партияга берилган депутатлик ўринлари сони келиб чиқади. Бундай тизимда сайловчи амалда номзод учун эмас, балки сиёсий партия учун овоз беради. Сайловчиларнинг овози белгиланган меьёр доирасида ва мутаносиб равишда депутатлар мандатлари сонини келтириб чиқаради. Бу ўринлар партия раҳбар органлари томонидан партиявий рўйхатнинг бош қисмидан жой олган номзодларга берилади.
Пропорционал сайлов тизими Исроил, Венгрия, Австрия, Дания, Испания, Польша ва бошқа мамлакатларда мавжуд.
Аралаш сайлов тизими ўзида ҳам мажоритар, ҳам пропорционал сайлов тизимлари элементларини мужассам этади. Масалан: Германияда Бундестагга сайловларида аралаш тизим қўлланади.
Унинг депутатларининг ярми бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган бир мандатли сайлов округларида нисбатан кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизим бўйича, 2-ярми эса кўп мандатли сайлов округлари ҳисобланган герман ерлари (федерация субъектлари)да сиёсий партиялар томонидан илгари сурилган номзодлар рўйхати асосида пропорсионал тизим бўйича сайланади. Аралаш сайлов тизими Болгария, Грузия, Литва, Италия ва бошқа мамлакатларда ҳам қўлланади.
Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизими мамлакат Конституцияси ва сайлов тўгрисидаги тегишли қонунлар билан тартибга солинади. Ушбу қонунларга биноан Ўзбекистон Республикасида биринчи марта аралаш сайлов тизими асосида сайловлар ўтказилиши белгиланди, ушбу сайлов тизими сайловчиларга бир қанча қулайликлар яратади.
Сизлардан ушбу сайловларда фаол иштирок этиб ўз сиёсий ҳуқуларингиздан фаол фойдаланишингиз лозим бўлади.
ФАРХОД ХУШБОҚОВ,Сурхонадрё вилоят суди судья катта ёрдамчиси