СПОРТ

Термизда “Триатлон” бўйича мусобақа ўтказилди

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан Термиз шаҳрида спортнинг “Триатлон” тури бўйича Ўзбекистон Кубоги 1-босқич мусобақаси ўтказилди.

Мусобақа Амударё дам олиш масканида бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан ташриф буюрган 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда ўсмирлар таркибидаги 100 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этишди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига мувофиқ умумжамоа ҳисобида Ватанпарвар” ташкилотининг Тошкент шаҳар кенгаши терма жамоаси 1-ўрин, Навоий вилояти кенгаши терма жамоаси 2-ўрин, Сирдарё вилояти кенгаши терма жамоаси 3-ўринни эгаллашди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.