Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлди
ЮНEСКОнинг Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ) бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал бугун 30 август куни Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлганини расман эълон қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Устав иккинчи моддасининг иккинчи ва тўртинчи бандларига мувофиқ қўшилиш тўғрисидаги расмий декларацияни топширгач, 2024 йил 30 август куни ИККРОМга расман қабул қилиниб, 138-аъзо давлатга айланганини эълон қилиш мен учун катта шарафдир», – дейилади ташкилот бош директори Аруна Франческа Мария Гужралнинг расмий баёнотида. – Қайд этилишича, бу Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва барқарор бошқаришга содиқлигини таъкидлайди ҳамда аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва билим алмашишни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ўзбекистоннинг минг йилликларни қамраб олган улкан ва ранг-баранг бўлган ҳам моддий, ҳам номоддий мероси мамлакатнинг бутун дунёда эътироф этилган тарихий ва маданий аҳамиятидан далолат беради.
ИККРОМга қўшилиш Ўзбекистонга бой билим ва тажрибани олиб кириш имконини беради. Бу эса маданий меросни асраб-авайлашни қўллаб-қувватлаш бўйича юклатилган вазифани бажаришдаги саъй-ҳаракатларимизга хизмат қилади.
Чин дилдан хурсандман, чунки ушбу воқеа ИККРОМнинг Марказий Осиё минтақасидаги иштирокини кучайтиради. Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги минтақанинг бошқа мамлакатларини маданий меросни сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича миссиямизга қўшилишга илҳомлантиради.
Ўзбекистон Ҳукуматига содиқлик учун ИККРОМ номидан самимий миннатдорлик билдираман. ИККРОМга аъзо барча давлатларга узоқ муддатли фойда келтирадиган, ҳозирги ва келажак авлодлар учун меросимизни асраб-авайлаш ва ҳимоя қилишга умумий содиқликни мустаҳкамлайдиган фаол, стратегик ва дастурий шерикликни йўлга қўйиш бўйича қўшма ҳамкорлигимизнинг бошланишини интиқлик билан кутаман.
Ўзбекистонни ИККРОМга 138-аъзо давлат сифатида табриклашда менга қўшилишингизни сўрайман ва биз унинг дастурларимиз ва ташаббусларимизда фаол иштирок этишини интиқлик билан кутамиз».