7 ой ичида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4,8 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш 5,5 фоизга, нефть қазиб олиш эса 6,8 фоизга қисқарди

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январь-июль ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 7 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 26,15 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,31 млрд куб ёки 4,8 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январь-июль ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:
– Январь – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
– Февраль – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
– Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб);
– Апрель – 3,7 млрд куб (3,94 млрд куб);
– Май – 3,52 млрд куб (3,6 млрд куб);
– Июнь – 3,54 млрд куб (3,7 млрд куб);
– Июль – 3,78 млрд куб(3,9 млрд куб).
Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарганди.
Газ қазиб олишнинг қисқариб бориши фонида импорт ҳажми ошиб борябди. Хусусан, январь-июнь ойларида 984 млн долларлик газ сотиб олиняпти, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда, қарийб 5 баробарга кўп.
Ўз навбатида умумий давр учун газ экспорти 5,6 фоизга ёки 323 млн долларгача қисқарган. Аммо охирги ойларда газ сотиш ҳажми ошиб боряпти. Хусусан, биргина июнь-июль ойида 263 млн долларлик газ экспорт қилинган.
Дастлабки 7 ойликда кўмир қазиб олиш 3 млн 483 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,4 фоизга ошган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефть қазиб олиш 456 минг тоннадан 425 минг тоннага камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 707 минг тоннадан 726 минг тоннага ошган.
Январь-июль ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга ёки 2,48 млрд кВҳъга камайган. Хусусан, 2023 йилнинг 7 ойида 45,29 мрлд кВҳ электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 42,80 млрд кВҳъгача пасайган.
Маълумот учун, январь-июль ойларида 81,6 млн долларлик электр токи сотиб олинган (ўсиш – 2,4 фоиз) ва 68,6 млн доллар қийматидаги электр энергияси (ўсиш – 45,3 фоиз) экспорт қилинган.
Ҳисобот даврида дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 629,8 минг тоннадан 619 минг тоннага (-1,7 фоиз) қисқарган бўлса, бензин ишлаб чиқариш 784,1 минг тоннадан 789,5 минг тоннага (+0,7 фоиз) ошган.