Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун юртимизга хорижий мутахассислар жалб этилади
Бу бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилинди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг «Тиббиёт мутахассисларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан хорижда ўқитиш, малака ошириш (стажировка ўташ) ва қайта тайёрлаш, шунингдек, хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишни ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги буйруғига кўра, давлат тиббиёт муассасалари ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва тажриба алмашишини ташкил этиш, жаҳондаги соҳага оид илғор амалиётларни мамлакатимизда йўлга қўйиш учун хорижий мутахассисларни мамлакатимизга жалб этиш ва бу жараёндаги харажатларни давлат томонидан молиялаштириш ҳам кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича номзодларни саралаш танловини ташкил этиш, вазирлик ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан фойдаланиш учун номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда саралаш тартиби белгиланди.
Соҳада хорижий мутахассисга эҳтиёж мавжуд бўлганда вазирликнинг веб-сайтида тиббиёт ходимларини ўқитиш, малакасини ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича давлат тиббиёт ташкилотлари ва тиббиётнинг устувор йўналишлари рўйхати эълон қилинади.
Давлат тиббиёт ташкилоти раҳбарлари ўз муассасаси ходимлари учун зарур билимларни бера оладиган, деб ҳисоблаган хорижий мутахассисларнинг маълумотларини электрон шаклда вазирлик томонидан белгиланган электрон почта манзилига юборадилар.
Номзодларни саралаш белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширилади.
Кузатув кенгаши томонидан саралашдан муваффақиятли ўтган номзодлар рўйхати асосида хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича умумий режа тузилиб, тасдиқланади ва молиялаштириш учун Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси дирекциясига тақдим этилади.
Жамғарманинг Кузатув кенгаши буюртмачилардан хорижий мутахассисларни жалб этиш юзасидан киритилган ҳужжатлар бўйича қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир, — дейилади хабарда.