ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Деҳлида Бобурийлар сулоласи тарихига бағишланган Бутунжаҳон мероси музейи ташкил этилди

Ҳиндистон пойтахтидаги Ҳумоюн Мирзо мақбараси ҳузурида Бобурийлар тарихига бағишланган Бутунжаҳон мероси музейи ташкил этилди.

Музейга илк тамал тоши 2015 йилда Ҳиндистон маданият ва туризм вазири Маҳеш Шарма ва Ага Хан халқаро жамғармаси таъсисчиси ҳамда раҳбари Ага Хан томонидан қўйилган. Ўтган қарийб 10 йил давомида музей жойлашган Ҳумоюн Мирзо мақбараси атрофидаги деярли 120 гектар майдонда улкан боғ қад ростлади.

Тарихий манбаларга асосланиб, Бобурийлар даврида Ҳиндистонда барпо этилган боғлар каби бугунги кунда музей жойлашган ушбу боғда ҳам ноёб, дунёнинг бошқа бурчакларида кам учрайдиган кўчат ва гуллар, маҳаллий иссиқ ва нам ҳавога мослашган дарахт ва бўталар парвариш қилинмоқда. Мазкур улкан ҳудудда деярли сўнгги 25 йил давомида тарихчи олимлар ва археологлар томонидан Ага Хан халқаро жамғармаси кўмагида Бобурийлар давридан мерос бўлиб қолган 60 дан зиёд қадимий обидалар сақланиб қолинди.

Статистик маълумотларга кўра, буюк аждодимиз, давлат арбоби, шоир ва файласуф, моҳир саркарда ва ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан кейин Ҳиндистон тахтига ўтирган Ҳумоюн Мирзо мақбарасини зиёрат қилиш учун бир йилда 3 миллионга яқин киши келади. Уларнинг салкам 300 минг нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.

Мақбара жойлашган ҳудудда ташкил этилган улкан боғ ичида Ҳумоюн Мирзо, унинг давлатчилик тарихи, ундан авлодларга қолган улкан тарихий-маданий мерос ҳамда олим ва шоир сифатидаги маданиятпарвар ва саҳоватпеша подшоҳ даврига бағишланган музейнинг ташкил этилиши эса Бобурийларнинг шонли тарихи, буюк аждодларимизнинг Ҳиндистонда қолдирган бебаҳо меросини ўрганишга иштиёқманд бўлганлар сонини янада оширади.

Ушбу музейни ташкил этишга Ҳиндистон Маданият ва туризм вазирлиги 60 минг АҚШ доллари ажратди. Шунингдек, лойиҳани молиялаштириш учун Ага Хан халқаро жамғармаси ва бошқа ташкилотлар катта ҳисса қўшди.

Музейдан Ҳиндистон Миллий музейи, Ҳиндистон Археология тадқиқотлари қўмитаси ва Ага Хан халқаро маданият жамғармаси томонидан тақдим этилган 500 дан ортиқ ноёб ашёлар жой олган.

Улар орасида Бобурийлар давридан етиб келган миниатюра санъати намуналари ва қўлёзма асарлар, Ҳумоюн Мирзо мақбараси ва унинг ён-атрофидаги ҳудудга тегишли бўлган архитектура ашёлари, тилла ва кумуш тангалар, 15 асрга оид нужум илмига тегишли бўлган глобус ва бошқа осори-атиқалар, 17 асрга оид темир буюмлар, ойна ва матолар, қурол-аслаҳа, найза ва пичоқлар, саркарда ва жангчиларнинг зирҳли кийимлари, Ҳумоюн Мирзо даврига тегишли ҳукмдор тожи ҳамда сўнгги Бобурий подшоҳ Баҳодиршоҳ Зафар II ўтирган тахтиравон бор.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ҳиндистон ҳукуматининг биринчи раҳбари Жавоҳарлаъл Неру Ҳумоюн Мирзо ҳақида «маданиятли ва ўқимишли киши», деб ёзган эди. У риёзиёт ва нужум илмига ғоят қизиқар, мусиқий илмни жуда қадрларди. Шу аснода, ушбу тарих ва зиё масканида темурийзода ҳукмдорларга хос ва мос равишда буюк олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ишининг ҳинд заминида давомчиси бўлган Ҳумоюн Мирзонинг астрономия ва астрология илмига қизиқиши ва ушбу соҳага доир алоҳида кўргазмали зал ташкил этилди. Мазкур залда ўз даврида Самарқанддан таклиф этилган ҳунарманд усталар томонидан ҳукмдорга махсус ясалган астролябия аслаҳалари, осмон ва сайёралар харитаси, ўрта аср глобуси ҳамда тарихий ва илмий аҳамиятга эга муҳим артефактлар намойишга қўйилган.

Бундан ташқари, қўшни залларда музейга ташриф буюрувчилар Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёт йўли, унинг саройдаги кундалик турмуш тарзи ва давлатчилик ривожлантиришга оид асарлар, жангу-жадалларни акс эттирувчи аслаҳалар ва 3D шаклдаги виртуал хариталарни кўздан кечиришлари мумкин.

Тадбирда қатнашган Ҳиндистон ҳукумати, хорижий дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари музейда намойишга қўйилган ранг-баранг артефактлар тарихни борича бугунги ва келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Луис Монреал, Ага Хан халқаро жамғармаси бош директори:

–Ушбу музейни ташкил этишдан асосий мақсад халқимизга, хусусан ёшларимизга Ҳумоюн Мирзо яшаб ўтган ҳаёт йўли ва Бобурийлар сулоласига тегишли бўлган улкан тарихий-маданий меросни борича ва замонавий талқинда намойиш этишдир. Ўз навбатида, бугунги тадбир шукуҳини Ўзбекистон халқи билан бўлишишни истар эдим.

Шунингдек, Ҳумоюн Мирзо мақбараси қошида Бутунжаҳон мероси музейи ташкил этилиши – бу нафақат ҳиндистонлик, балки дунёнинг турли нуқталаридан келаётган сайёҳлар учун Бобурийлар сулоласи, хусусан Ҳумоюн Мирзо Ҳиндистон тарихида қандай муҳим ўрин тутишини бамисоли маёқдек намоён қилиб туради.

Ратиш Нанда, таниқли архитектор, Ага Хан халқаро жамғармаси ходими, музей директори:

–Музейнинг айнан Ҳумоюн Мирзо мақбараси ҳудудида барпо этилишдан мақсад Темурийлар мероси ва уларнинг қурилиш соҳасида эришган мисли кўрилмаган ютуқларини яна бир бор дунёга намойиш қилишдир. Музейдан жой олган ашёлар Темурийлар, жумладан, Мирзо Бобурнинг катта ўғли Ҳумоюн Мирзодан бизгача етиб келган тарихий-маданий ва илмий мерос ҳақида сўзлайди.

Шунингдек, намойишга қўйилган артефактлар Ҳумоюн Мирзо даврида Жанубий Осиёдек катта минтақадаги тарихий ўзаро боғлиқлик, хусусан, Марказий Осиё, Эрон ва Ҳиндистон ўртасидаги фаол алмашинувлар ҳамда улар натижасида Деҳлида вужудга келган архитектура ва шаҳарсозликнинг энг яхши намуналарини ўзида акс этиб турибди. Музей Ага Хан халқаро жамғармаси томонидан сўнгги 25 йил давомида олиб борган изланиш ва тарихий топилмаларнинг, жумладан, 60 та ноёб ёдгорликларнинг қайта тикланиши ва консервация қилиниши натижасида юзага келди.

Биз бу каби ишларни Темурийлар ватани – Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам давом эттириш ниятидамиз.

Ҳамдан Абдул Мажид, Малайзиянинг «Thinkcity» бизнес-консалтинг компанияси бошқарувчи директори:

–Ушбу музейнинг ташкил этилиши нафақат Ҳиндистон халқи, балки Бобурийлар даври ва тарихини ўрганишга қизиқиш билдираётган барча, жумладан ўзбекистонликлар учун ҳам жуда муҳимдир. Чунки, Бобурийлар сулоласи асосчиси бўлган Мирзо Бобурнинг келиб чиқиши ва унинг илдизлари ҳозирги Ўзбекистон заминига бориб тақалади. Биз буни яхши биламиз ва тарихни қадрлаймиз.

Мирзо Бобур Ҳиндистонга келиб, буюк давлатчиликка асос солди. У ўзи тамал тоши қўйган сулола давомчилари орқали гўзал бинолар, улкан тарихий ва маданий мерос, бой илм-фан ва адабий мерос қолдирди. Яна бир бор, Ўзбекистон халқини ушбу музей очилиши билан чин дилдан табриклайман.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan