СПОРТ

«Париж-2024»: Ҳасанбойнинг жанги яқин, Баҳодирнинг рақиби томошабинлар сафида

Бугун, 30 июль куни Париж шаҳрида давом этаётган ёзги Олимпия ўйинларининг тўртинчи кунги мусобақаларида қизиқарли беллашувларга гувоҳ бўламиз.

Кун давомида дзюдо, спорт гимнастикаси, сузиш, қиличбозлик, ўқ отиш, триатлон, стол тенниси ва аёллар ўртасида регби-7 бўйича 12 та медаллар жамланмаси учун беллашувлар бўлиб ўтади.   

Шунингдек, ўйинлар дастуридан ўрин олган футбол, академик эшкак экиш, бокс бўйича навбатдаги босқич мусобақалари спорт мухлисларига бир олам завқ бағишлаши шубҳасиз.  

Бугун ўтказиладиган Олимпия ўйинлари беллашувларида мамлакатимиз спортчиларидан дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев 81 килограмм вазнда совринли ўринлар учун кураш олиб боради.   

Академик эшкак эшиш мусобақаларида Анна Пракатен чорак финал баҳсларида қатнашса, боксчиларимиздан Ситора Турдибекова -57 килограммда конголик Марселат Сакоби билан, Нигина Ўктамова -54 килограммда Шимолий Корея вакили Чолми Панг билан куч синашади. -51 килограммда Ҳасанбой Дўсматов Пуэрто-Рико вакили Хуанма Лопес де Хесусга қарши рингга кўтарилади.   

Куннинг иккинчи ярмида футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги тур ўйинини Доминикан Республикаси олимпиячиларига қарши ўтказади.   

Кеча Олимпия ўйинлари дастуридаги ўзига хос шов-шувли воқеалардан бири бокс жангларида кузатилди.   

Баҳодир Жалоловнинг азалий рақиби саналган қозоғистонлик Камшибек Конкабаев нимчорак финал жангида кутилмаганда 25 ёшли испаниялик Айюб Гадфага 3:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. 

Медаллар жамғариш борасида давлатлар кесимида Япония вакиллари 6 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза медали билан пешқадамлик қилаётган бўлса, кейинги ўринларда бораётган Франция 5 та олтин, 8 та кумуш, 3 та бронза, Хитой 5 та олтин, 5 та кумуш, 2 та бронза медалига эгалик қилиб турибди.  

Ўзбекистон олимпиячилари Диёра Келдиёрова томонидан қўлга киритилган олтин медаль ҳисобига 206 талик рўйхатнинг 15-поғонасини банд этган.   

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan