СПОРТ

Синдаров ва Абдусатторов “Freestyle Chess Grand Slam-2025”нинг кейинги “жанг”ларини Парижда давом эттиради

Германияда 8 кун давомида зўр ҳаяжон билан ўтган “Freestyle Chess Grand Slam-2025” турнири якунига етди.

Шов-шувли тарзда кечган энг нуфузли турнирнинг ҳар бир баҳси бугунги профессионал шахматнинг нақадар динамик тарзда юксалиб бораётганини кўрсатиб бериши билан бирга зўрлар орасида янада зўрлар борлигини ҳам аниқлаб берди.

Биз учун аҳамиятли жиҳати, 2025 йилга келиб Ўзбекистон шахмат мактабининг икки навқирон вакили мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларидан иборат турнирда ғолибликка даъвогарлар қаторидан жой олишга муваффақ бўлиш баробарида турнир ғолиблигига асосий номзодлар қаторида қайд этилди.

Ёш ва юксак салоҳиятга эга 19 ёшли шахматчимиз Жавоҳир Синдаров бош совринга даъвогар 10 нафар шахматчи орасида 4-ўринни, биринчи рақамли гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторов 6-ўринни эгаллаши мамлакатимиз ёшларининг беқиёс иқтидори намунаси бўлди.

Ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда учинчи ўрин учун кечган қарама-қаршиликда Жавоҳир Синдаров норвегиялик собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсенга иккинчи учрашувда имкониятни бой берди. Бир кун муқаддам ўтган илк баҳсда ҳам тажрибали Магнус зафар қучганди. Бу, Жавоҳир Синдаров “Freestyle Chess Grand Slam” турнирини 4-ўринда якунлаши ортидан 60 минг АҚШ долларига эга чиқишига, 3-ўрин соҳиби Магнус Карлсенни 100 минг АҚШ доллари соҳиби бўлишига олиб келди.

5-ўрин учун Нодирбек Абдусатторов ва америкалик Ҳикару Накамура ўртасидаги курашда океан орти вакилининг қўли баланд келди ва 50 минг АҚШ доллари соҳиби бўлди. Ҳамюртимиз Абдусатторов ўз навбатида 40 минг АҚШ доллари соҳибига айланди.

7-8 ўринларга даъвогарликда амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фирузжага ютқазиб қўйди. Оқибатда асли эронлик, ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган Алиреза 30 минг, Гукеш 20 минг АҚШ долларига эга чиқди.

Мусобақа финалида германиялик Винсент Кеймер ва америкалик Фабиано Каруана учрашувида немис шахматчисига омад кулиб боқди ва “Freestyle Chess Grand Slam-2025”нинг бош соврини бўлган 200 минг АҚШ долларини қўлга киритди. 2-ўриндан жой олган Каруанага 140 минг АҚШ доллари насиб этди. Шу ўринда айтиш лозим, “Freestyle Chess Grand Slam-2025” турнири жорий йилдан ўтказилиши йўлга қўйилди. Унинг биринчи мусобақаси Германияда муваффақиятли ташкил этилди. Турнирнинг кейинги босқичлари жорий йилнинг 8–15 апрель кунлари Франция пойтахти Парижда, 17–24 июлда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида, 17–24 сентябрда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ва 5–12 декабрь кунлари Жанубий Африка Республикасининг Кейптаун шаҳрида бўлиб ўтади.

Ҳар бир турнирда 1-8 ўринни эгаллаган шахматчилар “Freestyle Chess Grand Slam-2025”нинг кейинги турнирида қатнашиш ҳуқуқига эга чиқади.

Ортда қолган Германия мусобақаларидаги натижаларга кўра, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Абдусатторов Париж баҳслари чиптасига эга чиқди. Германиядаги мусобақаларда 9 ва 10-ўринлардан жой олган АҚШ шарафини ҳимоя қилган Левон Аронян ва асли россиялик ҳозирда Словения байроғи остида қатнашган Владимир Федосеев кейинги босқичга чиқа олмади.

Эслатиб ўтамиз, Париж турнирида 8 нафар шахматчи иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлса, қолган 2 нафар қатнашчи онлайн тарзда ўтказиладиган саралаш мусобақаларида аниқланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan