2030 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр улуши 40 фоизга етказилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Энергетика вазирлигининг «Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича соҳада тизимли ишларни ташкил этиш ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Вазирлик мутасаддиларининг берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида иссиқлик электр станциялари ва марказларида 34,6 млрд., гидроэлектр станцияларда 4,1 млрд., блок станцияларда 760,6 млн., шамол электр станцияларида 1,6 млрд. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 9,6 фоиздан 13,9 фоизгача ошди. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг истеъмолдаги улуши 40 фоизга етказилади.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда платформа орқали олинган маълумотларга биноан, республикада умумий қуввати 519 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилган. Ушбу станциялар йиллик қўшимча 730 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Шунингдек, республикада умумий сиғими 1 млн. 126 минг литр бўлган қуёш иссиқлик коллекторлари ўрнатилган. Ушбу коллекторлар сув иситишда йилига фойдаланиладиган 11,5 млн. кВт.соат электр энергияси ёки бўлмаса 3,1 млн. куб метр табиий газни тежаш имкониятини яратди.
Шунингдек, вазирлик томонидан жорий йил куз-қиш даврига тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, 476 км. магистраль, 18750 км. тақсимловчи электр тармоқлари, 5 та магистраль подстанциядаги трансформатор ҳамда 6 минг 464 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланган.
Депутатлар муҳокамалар давомида энергия тежамкор ва самарали замонавий технологияларни босқичма-босқич жорий этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, соҳада олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.