МУЛОҲАЗА

Илм йўлидаги харажат — ортиқча чиқим эмас

Таълимнинг асоси мактаб бўлса, уни ҳақиқий зиё маскани қиладиган куч ўқитувчилардир. Aммо ойда-йилда битта бадиий асар ўқимайдиган, бирор газета ёки журналга обуна бўлмайдиган, ўз фанига доир сўнгги янгиликлардан бехабар, фақат дарслик билан чегараланиб қолаётган муаллимлар сафимизда йўқ эмас.

Олий таълим даргоҳларида турли хил дунёқарашга эга бўлган талабалар илм олади. Уларнинг ҳаммаси ҳам билимли кадр бўлиб етишмайди. Шу сабаб мактабга ёш ўқитувчиларни ишга олаётган раҳбар уларнинг билимига эътибор қаратиши жуда муҳим. Таълимдаги сон, миқдор том маънодаги сифатга айланмаса, барча қилинаётган саъй-ҳаракатлар бесамар кетади. Бироқ ўз фарзанди келажаги, тақдири билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам муаммоларнинг энг каттасидир. Молиявий аҳволи оғир  бўлган ота-оналар, фарзандларим келажакда ҳеч нарсага зориқмай яшасин, касб-ҳунар эгаси бўлсин, биз каби қийналиб ҳаёт кечирмасин деган мақсадда тиришиб-тирмашиб фарзандининг ўқишига эътибор қаратади. Топганини таълим олишига сарфлайди. Бундай аҳволдаги оилаларнинг фарзанди ҳам илмга чанқоқ бўлади, чунки улар олий маълумотли бўлишим керак, таълим олиб ота-онам ишончини оқлашим, уларни оғир турмушдан олиб чиқишим керак деб, олдига катта мақсадлар қўяди. Aммо айрим ўзига тўқ ота-оналар фарзандларининг тақдирини ўзгача баҳолайди, келажагини ўзича ўлчайди. Фарзандларига машина, сўнгги маркадаги телефон совға қилиб, тўкис ҳаёт ҳадя этмоқчи бўлишади. Aйрим оналар (оталар чет элда) ўзларини бечораҳол кўрсатиб, отаси узоқда, фарзандимни ўқитишга маблағ йўқ деб нолийди. Ваҳоланки, ўша она ҳар ой дугоналари билан ресторанларни, гўзаллик салонларини банд қилиб, отанинг пулларини ҳавога совуради. Aйтишларича, пулнинг энг савобли ва хайрлиси ота-онанинг фарзанди илм олиши йўлида сарфлагани экан. Aхир, ота-онанинг фарзандига сарфлаган бир сўм пули эртага ўзига ўн сўм бўлиб қайтади-ку!

 

Хуршида ҚЎЧҚОРОВA

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan