ЎЗБЕКИСТОН

Боқувчиси четга ишлашга кетган оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин

БҲМнинг икки баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин. Бу ҳақда жорий йилнинг 12 июль куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида муҳокамага чиқарилган “Ўзбекистон фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида келтирилган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.

Шунингдек, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам тақдим қилиш кўзда тутилган.

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилиши мумкин. Маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳада келтирилишича, жамғарма маблағи ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда ёрдам пуллари ва йўлланмалар меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар “Хорижда иш” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади ва уни олиш учун талабгорлар ушбу дастурий мажмуа орқали электрон тарзда мурожаат қилиши керак.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan