ЎЗБЕКИСТОН

СУД ТОМОНИДАН БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАР ТИКЛАНДИ

Аввалам бор, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам мурожаат қилишга ҳақли.

Қонунчиликда, маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари белгиланган бўлиб, унга кўра, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.

Сурхондарё вилоят маъмурий судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг, уларнинг мансабдор шахсларининг бекор қилинган ноқонуний қарорлари тўғрисидаги маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар ташкил қилиш белгиланган.

Мазкур чора-тадбирлар доирасида амалга оширилган ишлар Термиз туманлараро маъмурий суди мисолида таҳлил қилинди.

Ҳисобот кўрсаткичларига кўра, 2024 йилнинг 1-ярмида Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг, уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорлар устидан низолашиш билан боғлиқ жами 241 та аризалар кўриб чиқилган.

Аризаларни кўриб чиқиш давомида маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонунийлиги аниқланган 69 та, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари туман-шаҳар бўлимларининг 37 та, Мажбурий ижро бюроси органларининг 17 та,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси органларининг 8 та, кадастр агентлиги органларининг 27 та, Қурилиш ва коммунал хўжалиги назорат инспекциясининг 1 та, Адлия вазирлиги тизимидаги идораларнинг 11 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Жумладан, аризачи Б.Т. жавобгар Термиз туман ҳокимининг
2011 йил 16 мартдаги №196-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Аниқланишича, низоли қарор қабул қилинишида туман ҳокимлиги ҳузуридаги ишчи гуруҳ томонидан 2011 йил 16 мартда тузилган далолатнома инобатга олинган. Ишчи гуруҳ томонидан Термиз туман ҳокимининг 2007 йил 02 октябрдаги №717-сонли қарорига кўра, Б.Т.нинг яшаш уйи ва қўшимча бинолари унга шахсий мулк эканлиги эътироф этилганлиги эътиборга олинмаган.

Туман ҳокимлиги фуқаро Б.Т.га тегишли мулкни марҳум И.Б.га ҳам мулк ҳуқуқи эътироф этиб хатоликка йўл қўйган.

Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 6 майдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, низоли қарор ҳақиқий эмас деб топилган ва фуқаро Б.Т.нинг бузилган ҳуқуқи тикланган.

Шу каби, аризачи А.А. судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Сариосиё туман ҳокимининг 2019 йил 10 сентябрдаги 5698-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Низоли қарор Сариосиё туман прокуратураси протести асосида бекор қилинган бўлиб, протестда фуқаро А.А. томонидан  деҳқон хўжалиги юритиш учун берилганлиги ва уй-жой қурмаслик шарти кўрсатилган бўлса-да, бино ва иншоатлар қурилиши учун берилганлиги сабаб этиб кўрсатилган.

Сайёр суд мажлисида, фуқаро А.А.га тегишли низоли қарори билан ажратилган 0,34 сотих сувли ер майдони жойида ўрганилганда, ер майдонига тўлиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, яъни пиёз маҳсулоти экилганлиги, бошқа мақсадларда фойдаланилмаганлиги аниқланган.

Термиз туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 2 апрелдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, низоли қарор ҳақиқий эмас деб топилган ва фуқаро А.А.нинг бузилган ҳуқуқи тикланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари асосан фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўлиб, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат.

А.АЛИҚУЛОВ,Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan