ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Карантинда ифторлик қилган шерободликлар ва ИИБ ходимларига кўрсатилган фаол қаршилик

Жорий йилнинг 14-май куни Шеробод тумани “Балхигузар” маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Б. ўзининг яшаш хонадонида ўғиллари И.Д. ва Э.Д.лар иштирокида қариндош-уруғлари, қўни-қўшниларини уйларига тўплаб, ифторлик ўтказаётганлиги тўғрисида Шеробод тумани ИИБ навбатчилик қисмига тезкор маълумот келиб тушади.

Д.Б.нинг яшаш манзилига борилганида 30 нафар шахсларга ифторлик ўтказаётганлиги аниқланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 20-апрелдаги ПҚ-4687-сонли “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ республикамизда карантин давом этаётганлиги муносабати билан республиканинг барча ҳудудида “Таровеҳ намози” ҳамда ифторликларни қўни-қўшниларисиз ҳамда қариндош-уруғларисиз ўтказилиши кўрсатилишига қарамай, карантин қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирмоқчи бўлганида, Д.Б.нинг оила-аъзолари ва ифторликка ташриф буюрган қариндошлари томонидан Ички ишлар бўлими ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатилган. Натижада, Шеробод тумани Ички ишлар бўлими инспекторига тан жароҳати етказилган, унинг бошқарувидаги “Тико” русумли автомашинага турли жисмлар билан шикаст етказишган.

Қонунбузарларнинг фаол қаршилиги давом этиб, туман ИИБ “Навбатчилик қисми”га тегишли “Дамас” русумли автомашинанинг ҳам ойна ва кузовларига арматура, тошлар воситасида шикаст етказилган. Воқеа жойига туман ИИБ раҳбариятидан масъул сифатида “Тергов-тезкор гуруҳи” таркибида келган, Шеробод тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари майор Ў.Шукуровга ҳам турли даражадаги тан жароҳати етказилган.

Шундан сўнг Д.Э. 1,5 метр узунликда бўлган арматура бўлаги билан тўсатдан, Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО ходими катта сержант Ш.Собировнинг бош қисмига уриб, ўрта оғир даражадаги тан жараҳати етказган. Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО ходими кичик сержант А.Қаршиев ҳам турли тан жароҳатлари билан Шеробод тумани Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шеробод туман прокуратураси томонидан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan