2018 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Беларус Озарбайжонга илғор қурол-яроғлар етказиб берган, деб ёзади Politico махфий ҳужжатлардан. Бу Ереван томонидан «хиёнат» сифатида баҳоланди

“Беларус Арманистоннинг ашаддий душманига, Россия бошчилигидаги халқаро мудофаа пакти (КХШТ) доирасида иттифоқчилар ҳисобланганига қарамай, илғор қурол-яроғлар етказиб берди”, – деб ёзади 13 июнь, пайшанба куни Politico интернет-нашри манбаларга таяниб.
Журналистларнинг фикрига кўра, Ереваннинг КХШТдан чиқиш ҳақидаги қарорига айнан шу ҳолат таъсир қилган. Бу қадам Россия президенти Владимир Путиннинг постсовет ҳудудидаги таъсирини сусайтиради, деб ҳисоблайди Politico.
Журналистлар ўндан ортиқ мактублар, дипломатик ноталар, ҳисоб-фактуралар ва экспорт паспортларини кўриб чиққанини даъво қилмоқда. Айнан мана шу ҳужжатлар 2018 йилдан 2022 йилгача Беларусдан Озарбайжонга қурол етказиб берилганини тасдиқлайди. Шу жумладан, Бокуга эскирган артиллерия ускуналарини модернизация қилиш, электрон уруш тизимлари ва дронлар учун янги жиҳозлар етказиб бериш бўйича хизматлар таклиф этилди.
“Бу етказиб беришлар Москванинг хабарисиз содир бўлиши мумкин эди ва агар Россия хоҳласа, уларни тўхтата олмасди, деб ўйлаш бемаънилик”, – дея иқтибос келтиради нашр бу борада Демократияни ҳимоя қилиш жамғармаси тадқиқотчиси Ивана Страднер.
Қурол таъминоти бўйича махфий ҳужжатлар
“Ҳужжатлар орасида Беларус давлат қурол экспорти агентлиги ўзининг ҳарбий-саноат фирмаларига артиллерия тизимларидаги нишонларни аниқлаш учун энг янги жиҳозлар буюртмаси тўғрисидаги хатлари, шунингдек, Groza-S мобил телефонларини сотиб олиш бўйича икки давлат ўртасидаги ёзишмалар ҳам бор”, — дейилади нашр эълон қилган хабарда.
Россиянинг иттифоқчиси Беларуснинг Озарбайжонни илғор ҳарбий техника билан таъминлаш, Бокуга Арманистон билан қатор ҳарбий можароларда устунлик бериш қарори Ереван томонидан «шафқатсиз хиёнат» сифатида баҳоланди, дея таъкидлайди Politico.
Март ойида Арманистон КХШТ аъзолигини амалда тўхтатди, май бошида эса Ереван бу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатишини эълон қилди.