Ўзбекистон ва Қозоғистон сайёҳлик компаниялари ўртасида туристлар оқимини ошириш бўйича меморандум имзоланди
Мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан «VisitShymkent» сайёҳлик ахборот маркази билан биргаликда Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қозоғистон сайёҳлик компаниялари, агентликлари раҳбарлари қатнашди. Иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган дастурлар, очилаётган янги йўналишлар ва юртимизнинг «зиёрат туризми» имкониятлари ҳақида сўзлаб берилди. Соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш имкониятлари алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ўзининг бой номоддий маданий мероси, жумладан, мусиқа, ҳунармандчилик, ошхона ва фестиваллари билан машҳур эканлиги қайд этилди.
Икки мамлакат сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида В2В форматида музокаралар уюштирилди. Унда томонлар қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш бўйича келишиб олдилар.
Шунингдек, «VisitShymkent» туристик ахборот маркази ва «VersaillesTravel» сайёҳлик компанияси билан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада ошириш бўйича меморандум имзоланди.