ЎЗБЕКИСТОН

«Инфозакон»: Ўзбекистон сувдан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий шароитлар ва талабларга мослаштириб келмоқда

Қозоғистоннинг оммабоп «Инфозакон» электрон нашрида мустақил тадқиқотчи Санжар Умирзақовнинг «Ўзбекистоннинг трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича сиёсати» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди

«Инфозакон»нинг хабар қилишича, Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида, Марказий Осиёда рўй бераётган глобал иқлим ўзгариши фонида минтақани асосий сув билан таъминловчи энг йирик сув артериялари Амударё ва Сирдарё сувидан ҳавза давлатлари манфаатларини тенг ҳисобга олган ҳолда фойдаланишни тақозо этади.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон сувдан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий шароитлар ва талабларга мослаштириб келмоқда. Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ сувдан фойдаланиш масалаларини давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгилади. Биргина, 1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган бўлса, халқаро миқёсда мамлакат «Халқаро кўллар ва трансчегаравий сув артерияларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш Конвенцияси» (Хельсинки, 1992 йил 17 март) ҳамда БМТнинг «Халқаро сув оқимларидан кема қатновисиз фойдаланиш ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция»лари (Нью-Йорк 1997 йил 21 март) аъзоси сифатида мустақил сиёсат юритиб келмоқда.

Электрон нашрда таъкидланганидек, сўнги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро миқёсдаги ташаббуслари ва сиёсий иродаси натижаси ўлароқ, Ўзбекистон ташқи сиёсати янгича тус олди. Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг муҳим минтақа сифатида белгиланди. Ўзбекистоннинг бундай ёндашуви минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муаммоларини тинч йўл билан ҳал этишга ижобий таъсир ўтказди.

«Ўзбекистон трансчегаравий сув ва энергия ресурсларидан оқилона ҳамда комплекс фойдаланиш тарафдори бўлиши билан бирга, Марказий Осиёнинг экологик барқарорлигига доимий равишда аҳамият беради. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича ёндашуви минтақада тинчлик, иқтисодий тараққиёт ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка кўмаклашишга қаратилган», – деб якунлаган «Инфозакон».

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan