Ғазо секторида ҳар 10 боладан 9 нафари ўткир озиқ-овқат етишмовчилигини бошидан кечирмоқда. Бу ҳақда UNICEF берган баёнотга асосланиб, Anadolu хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) 5 июнь куни Ғазода болалар аҳволига жиддий таъсир этувчи озиқ-овқат тақчиллиги хавфидан огоҳлантирган. Гуманитар йўлаклар очишга ва ёрдамни кўпайтиришга чақирган.

“2023 йилнинг декабридан 2024 йилнинг апрелигача бўлган даврда тўпланган беш босқичли ўрганиш хулосасига асосланиб, Ғазо секторидаги ҳар 10 боладан 9 нафари оғир озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётганини айтиш мумкин. Секторга ҳар куни 2 ёки ундан кам гуруҳ озиқ-овқат олиб кирмоқда”, — дейилган ташкилот баёнотида.
Манбада айтилишича, бир неча ой давом этган жанговар ҳаракатлар ва инсонпарварлик ёрдамига чекловлар озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш тизимларини барбод қилган. Бу эса Ғазодаги болалар ва уларнинг оилалари учун “ҳалокатли оқибатлар”га олиб келган.
БМТ расмийлари тўйиб овқатланмаслик оқибатида Ғазо болаларида “ўткир саломатлик муаммолари” учраётганини билдирган. Уларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш учун эса касалхоналар ҳам етарли эмас.
UNICEF, шунингдек, дунё бўйлаб 5 ёшгача бўлган 181 миллионга яқин бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётганини билдирган.
“Тўйиб овқатланмаслик ҳозирда миллионлаб болалар учун улғайиш ва мия ривожланишига қайтарилмас салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларга олиб келиши мумкин”, — деган UNICEF ижрочи директори Кетрин Расселл.
БМТ агентлиги барча ҳукуматлар, ривожланиш ва гуманитар соҳадаги ҳамкорларни болалар тўйиб овқатланмаслиги билан боғлиқ муаммони тугатиш бўйича ҳаракатларга устувор аҳамият бериш учун ҳаракат қилишга чақирган.