ЖАМИЯТ

Сариосиё тумани электр тармоқлари корхонасининг “эшитмайдиган” раҳбарлари диққатига: 5 кундирки чироқсиз ўтирибмиз

“Бизнинг “Гулобод” маҳалламиз ҳоким бобонинг (туман ҳокими Ўктам Тўраев назарда тутилган) секторларига қарайди. «Мустақиллик» кўчасидаги аҳолига электр тақсимлайдиган транформатор 7 майдан буён ишламагани учун электр энергиясиз ўтирибмиз. Носозликни бартараф этиш учун шундан бери айю-ҳаннос соламиз, лекин ҳеч ким эшитмаяпти.

Ўзимиз, маҳалладошлар пул йиғиб трансформаторни “электросет”га таъмирлатиш учун олиб бориб қўйганмиз. Аммо, барибир фойдаси йўқ, ҳеч ким кўрмаяпти, бизни тингламаяпти.”

Таҳририятимизга йўлланган ушбу мурожаатда маҳалланинг аёллари, болалар айниқса, рўзадор кишилар қийналишаётгани баён этилган. Қизиқ, наҳотки шунча вақт мобайнида аҳолини чироқсиз қолдириб қўйиш мумкин бўлса?! Ўзларичи, ўша сектор-у, ташкилот раҳбари ўз ўйида электр таъминоти бу қадар узоқ ўчиб қолса чидай олармикан?!

Маҳалла қариялари дуоларида ҳаммага доимо сабр тилашяпти, мутасаддиларга эса инсоф сўраётган эканлар. Ажаб эмас, хайрли кунларда бу ниятлар ижобат бўлса…, “Гулобод”да яна чироқлар ёниб тунлар кундуздек ёришиб кетса … Ҳартугул, маҳалладошлардан яқин орада яхши хабар келишига умид қилиб қоламиз!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan